Мамлакатда энг кўп бўш иш ўринлари чакана савдо, қурилиш, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва таълим соҳаларида шаклланишда давом этмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг навбатдаги “Меҳнат бозори шарҳи”да маълумот берилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2023 йил якуни бўйича жами иш билан банд бўлган аҳоли сони 312 минг кишига ошган.
“Иқтисодиётдаги ишсизлик даражаси сезиларли даражада камайиб, 6,8 фоизни ташкил қилди. Бандликка асосий ҳисса қўшган соҳалар қурилиш ва савдо тармоқлари бўлса-да, қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар сони камайди”, —дейилади шарҳда.
Жорий йил январь–март ойларида меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари сони қарийб 36,8 мингтани ташкил этиб, 2023 йил декабрь ойи кўрсаткичларига нисбатан 14 фоизга ошган.
“Энг кўп бўш иш ўринлари чакана савдо, қурилиш, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва таълим соҳаларида шаклланишда давом этмоқда. Ҳудудлар бўйича бўш иш ўринларининг асосий қисми Тошкент шаҳри (60 фоиз атрофида), Самарқанд (11 фоиз) ва Тошкент вилоятларига (9 фоиз) тўғри келган. Бундан ташқари, йил бошидан якка тартибдаги тадбиркорлар сони 8,2 фоизга ошиб, 262,8 минг кишини ташкил этди. Тадбиркорлар асосан чакана савдо (+8,6 фоиз) ва маиший хизмат кўрсатиш (+18,9 фоиз) фаолият йўналишларида рўйхатдан ўтмоқда. Ушбу ҳолат ўзини ўзи банд қилганлар билан ҳам кузатилиб, уларнинг сони йил бошидан 287 минг кишига ёки 11,8 фоизга ошган (2,8 миллион киши)”, — дейилади Марказий банк таҳлилида.
Шарҳда келтирилишича, қурилиш ва хизматлар соҳаси ўсиши келгусида умумий иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, чакана савдода бандликнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётда талабнинг сақланиб қолаётганини билдиради.
“Таклиф томонидан иш қидираётганлар орасида эълонларнинг салмоқли қисми транспорт, қурилиш, бухгалтерия ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келмоқда. Меҳнат бозорида талабнинг мавжудлигига қарамасдан, унинг ишчи кучи таклифи билан айрим таркибий номутаносибликлари бор. Бу, бир томондан, олдинги даврлардаги бўш иш ўринлари сонининг сезиларли қисми сақланиб қолаётганида, бошқа томондан эса хусусий сектордаги юқори ва ўрта малакали ишчиларнинг иш ҳақи ўртасидаги тафовутда намоён бўлмоқда. Бунда махсус кўникмалар талаб этиладиган ахборот технологиялари, тиббиёт, ишлаб чиқариш каби соҳаларда бўш иш ўринлари ўтган даврларда сақланиб қолаётган бўлса, маиший хизматлар, қўриқлаш (хавфсизлик) хизматлари ва талабалар учун бўш иш ўринлари юқори тезликда янгиланиб келмоқда”, —дея қайд этилган ҳисоботда.
Марказий банк шарҳида ёзилишича, 2024 йилнинг биринчи чорагида республикада иш ҳақининг номинал ўсиш суръати йиллик 19,8 фоизни, инфляцияни ҳисобга олган ҳолда эса 9,8 фоизни ташкил этган. Хусусан, савдо (24,4 фоизга) ҳамда ахборот ва алоқа (23,5 фоизга) соҳаларида юқори кўрсаткичлар сақланиб қолган. Қурилиш соҳасида меҳнат ресурслари таклифининг ўсиши ҳисобига иш ҳақи ўсиши пастроқ шаклланмоқда (6,6 фоиз).
Таҳлилларга қараганда, январь–март ойларида ташқи меҳнат миграцияси тенденцияларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.
“Бу, биринчи навбатда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошган трансчегаравий пул ўтказмалари динамикасида ўз аксини топди. Айни пайтда хорижий давлатлар томонидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига бўлган талаб юқори шаклланиб келмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, биринчи чоракда хорижий бўш иш ўринлари сони 46 мингдан ортиқни ташкил қилган. Шу билан бирга, талаб географик жиҳатдан ҳам кенгайиб бормоқда (Буюк Британия, Саудия Арабистони, Венгрия, Беларусь ва бошқалар). Хорижий бўш иш ўринларида маълум кўникма ва малакаларга бўлган талаб муҳожирларнинг ишга жойлашишида асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда”, — дейилади Марказий банк шарҳида.
Аввалроқ Статистика агентлиги 2024 йил январь–март ойларида Ўзбекистондаги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 миллион сўмга етгани маълум қилганди.
Изоҳ (0)