АҚШ ўтган ҳафта Исроил армиясига маҳаллий ишлаб чиқарилган ўқ-дориларни етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда исроиллик икки расмийга таяниб, Axios хабар берди.
Axios суҳбатдошларига кўра, АҚШдан қурол-яроғ етказиб беришнинг тўхтатилиши Исроил ҳукуматида жиддий хавотир уйғотган. Улар бу қарорнинг сабабларини билишмайди, Оқ уй изоҳ беришдан бош тортган. Мазкур вазият АҚШ ва Исроил ўртасида Ғазо секторидаги кейинги ҳарбий ҳаракатлар, хусусан, миллиондан ортиқ фаластинликлар истиқомат қиладиган Рафаҳ шаҳрига бостириб кириш борасидаги келишмовчилик кучаётган бир пайтда кузатилди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ташқи босимга қарамай, Рафаҳга бостириб кириш режаси бекор бўлмаслигини айтганди. Ўз навбатида, Байден демократлар ва америкаликларнинг босими ортиб бормоқда. Улар Америка қуроллари ёрдамида Исроил Ғазода гуманитар қонунларни бузаётгани ва тинч аҳолини ўлдираётганини таъкидлайди.
Ўтган ой АҚШ президенти Жо Байден Нетаньяхунинг Ғазо операциясига ёндашувини хато деб атади ва сулҳ тузишга чақирди. АҚШ бу ҳафта Исроилнинг Рафаҳ шаҳрида тинч аҳолини ҳимоя қиладиган ҲАМАСга қарши режалаштирилган операция режасини кўрмаганини такрорлади ва Вашингтон бундай ҳужумни қўллаб-қувватлай олмаслигини яна бир бор таъкидлади.
Изоҳ (0)