Яқинда ҳукумат томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида қарор лойиҳаси эълон қилинди. Шундан сўнг ушбу қарор жамоатчиликда турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, бир қанча мутахассислар лойиҳадаги айрим қарорларга эътибор қаратиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Дарё” ушбу мавзуда Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров билан суҳбатлашди.
— Лойиҳада қандай ижобий ва салбий таклифлар мавжуд?
Мухтор Умаров, Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси:
— Аввало, яширин иқтисодиёт нима учун вужудга келиши тўғрисида тўхталсак. Тадбиркорларда солиқ юкининг ошиб кетиши муносабати билан уни беркитишни бошлайди. 2019 йилда солиқ тўлашда катта ўзгаришлар бўлганидан кейин, кўплаб тадбиркорлар яширин иқтисоддан шаффофликка ўтди. Бунинг ортидан солиқлар тушуми бир неча баробарга ўсган. Солиқчиларнинг ўзи ҳам буни эътироф этади. Ҳозир биз тушунамиз, давлат бюджетига маблағ зарур. Лекин биз бу масалага бошқа томондан ёндашишни таклиф қиламиз. Нега тадбиркорлар яширин иқтисод йўлидан юрмоқда? Мана шу саволни ўртага қўйиб, нодавлат ташкилотлари билан масалани ўрганиш керак. Яъни солиқ идораси билан тадбиркорлар келишиб иш кўрсин.
Бу ерда асосий эътиборни солиқ тўловчиларнинг сифатини оширишга эътибор қаратиш лозим. Ҳозир бозор иқтисодиётига ўтилаётган бир даврда, тадбиркорларнинг устига яна бу юкламани бериш тўғри ечим эмас. Бизнинг таклифимиз: келинглар, бир ўтириб, тадбиркорларни қандай қилиб яширин иқтисодиётдан олиб чиқиш йўлларини излайлик. Янги солиқ тўловчилар қатламини яратайлик.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга олиб чиқамиз, деб мақсад қўйганмиз. 2023 йил ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 90 миллиард долларга чиқди. Агар биз тадбиркорларни маъмурий сиқувларга олаверсак, уларга зарар етказиб қўямиз. Эски даврда тадбиркорлар қандай сиқувларга олинганини мен жуда яхши биламан. Биз у даврга қайтишга мутлақо қаршимиз, — дейди Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси.
— Билдирилган таклифлар қанчалар хавотирли?
— Аслида тадбиркорга яширин иқтисод юритиш ёқмайди. Чунки тадбиркорга инвестиция керак. У инвестиция чақириш учун яширин иқтисодиётини кўрсата олмайди. Тадбиркорлар ҳам барча нарсалар чет эл компанияларига ўхшаб очиқ ва шаффоф бўлишини истайди. Ҳозир Ўзбекистондаги тадбиркорлар халқаро ҳисоботлар механизмига ўтишга тайёрланмоқда. Агар шу тизимга ўтадиган бўлсак, у ерда ўзига яраша талаблар мавжуд.
Бугунги кунда тадбиркорларда энг катта муаммо бу — молиялаштириш. Чунки ҳали тадбиркорларнинг гуллаб яшнаши учун етарли шароит йўқ. Ҳозир барча корхоналаримиз молиялаштиришга муҳтож. Ҳамма бир-бири билан насияда савдо қилади. Агар биз корхоналаримизни пул билан тўйинтириб, зўр ривожлантириб қўйсак, ана ундан кейин давлат солиқларни кўпайтирса бўлади. Ўзи шундоқ ҳам тадбиркорларни солиқ юки билан бир қийнаб олдик, газ ва электр энергиясининг нархи ошди. Агар яна тадбиркорларни қийнайдиган қарор чиқарилса, тадбиркорлар жуда қийин ҳолатга тушиб қолади. Аввал биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларни ривожлантириб, ана ундан кейин секин-асталик билан солиқ юкларини қўшсак, тадбиркорларга зарар етмайди.
Солиқ қўмитаси биринчи галда янги солиқ тўловчилар қатламини яратишга ёрдам берсин. Эски солиқ тўловчилар янги поғонага кўтарилсин. Мана шундан кейин солиқ юкини оширсак бўлади. Шунда ҳам уларга тўғри тушунтириш зарур. Давлат тадбиркорларга сизлар тўлайдиган солиқ бизнинг ижтимоий харажатларимиз учун зарур. Тўланадиган солиқлар мана бундай нарсаларга сарфланади, дея тушунтириши лозим. Тадбиркорда ҳам тўлаётган солиқларим тўғри мақсадда сарфланмоқда экан, деган тушунча пайдо бўлиши керак”, — деди Мухтор Умаров.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 30 апрель куни Савдо-саноат палатаси “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 27 апрель куни Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида муҳокама қилинган қарор ҳозирча тегишли вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишиш жараёнида бўлиб турибди. Қарор лойиҳаси кенгаш йиғилишида билдирилган ҳамда идора ва вазирликлар томонидан берилган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилади.
Изоҳ (0)