Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова “Йил ўқитувчиси” ва “Касбий маҳорат етакчиси” танловларини ўтказиш тартиби белгиланганини эълон қилди.

Вазирнинг билдиришича, Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида ‘Йил ўқитувчисиъ’ ҳамда ‘Касбий маҳорат етакчиси’ танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Қарорга кўра, ушбу танловлар 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
“Йил ўқитувчиси” танловига номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида иштирок этади. Иштирокчилар вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.
Танлов уч босқичда ўтказилади:
- биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;
- иккинчи босқичда — номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;
- учинчи босқичда — номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.
Танлов якунларига кўра, ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.
Ушбу сертификат асосида ғолиблар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан БҲМнинг 1 400 бараварига (525 миллион сўм) тенг пул мукофоти билан тақдирланади.
Педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида “Касбий маҳорат етакчиси” танловида эса иштирокчиларнинг 4 та йўналиш бўйича фаолияти натижалари ўрганилади. Булар:
- ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар;
- молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар;
- замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар;
- марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилингани.
Ғолиблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг (525 миллион сўм) пул мукофоти билан тақдирланади.
Вазирнинг билдиришича, танловлар ҳақида батафсил маълумот, янгиликларни вазирлик саҳифалари орқали бериб борилади. Ушбу мегатанловлар адолатли, шаффоф, фахрий педагоглар, экспертлар ва жамоатлик вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг сентябрида таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқоти давомида “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилишини маълум қилганди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова “Йил ўқитувчиси” танловини ташкил этиш бўйича таклиф беришни сўраганди.
Изоҳ (0)