Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1-чорагида Республика бўйича жами 10 117 та объектга кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу кичик қувватли қуёш панелларининг умумий қуввати 197,9 МВтга тенг бўлган.
Хусусан:
- 1 455 та ижтимоий соҳа объекти томонидан 25,9 МВт;
- 2 052 та тадбиркорлик субъекти томонидан 113 МВт;
- 6 428 та аҳоли хонадонига 56,3 МВт;
- 182 та кўп қаватли уйга 2,79 МВт ўрнатилган.
Бу панеллар орқали 60,082 млн кВт соат электр энергия ишлаб чиқарилган бўлиб, бунинг натижасида 15 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилиб, 17 минг тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқиши олди олинган.
Президентнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарорида ҳудудларда истеъмолчиларни муқобил энергия ресурсларидан фойдаланишга ўтказиш ҳамда энергия тежовчи технологияларни ўрнатиш орқали 2,5 миллиард кВт соат электр энергиясини ва 1,1 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилишга эришиш мақсадида бир қатор чоралар белгиланганди.
Президент фармони билан имзоланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида, шунингдек, республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микрогеслар тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш ҳам белгиланган.
2025 йил 1 июлдан аҳоли уй-жойларининг энергия аудитини ўтказиш харажатлари ҳамда қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин БҲМнинг 50 бараваридан (18 миллион 750 минг сўмдан) ошмаган миқдорда қоплаш учун Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан субсидия ажратилади.
Давлат раҳбари 2024 йил августида энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказганида “Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу — давлат сиёсати”, деб таъклидлаганди.
Изоҳ (0)