Россия армияси Украинага қарши жанговар ҳаракатларда Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган М1991 ялпи ўт очиш реактив тизимидан фойдаланаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб Юрий Бутусов хабар берди.
Украиналик ҳарбий журналист томонидан эълон қилинган видеода рус аскарлари М1991 тизимини дронларга қарши ҳимоя билан жиҳозлаётгани акс этган. Тасвирлар қачон ва қаерда ёзиб олингани номаълум.
Россия қўшинлари Шимолий Кореядан КН-28 қисқа масофали тактик баллистик ракета тизимлари, "Коксан" ўзиюрар гаубитсалари ҳамда бошқа қуролларни олиб келаётгани ҳақида аввал ҳам хабар берилганди. Бироқ собиқ Совет Иттифоқининг Ураган тизимига ўхшаш М1991 кузатувчилар учун янгилик бўлди.
У ҳақида нималар маълум?
М1991 – бу Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган 220 мм калибрли ялпи ўт очиш реактив тизими бўлиб, Ураганънинг аналоги ҳисобланади. У тахминан 90 кг оғирликдаги ракеталардан 22 тасини бирваракайига учириши мумкин. Бошқарилмайдиган ракеталар ва юқори аниқликдаги реактив снарядлар ҳам шулар жумласидан.
Forbes'нинг ёзишича, Сеул бу тизимларни Жанубий Корея билан демилитаризация зонасидаги тоғ бункерларига жойлаштирган. Бундан мақсад эса эҳтимолий уруш шароитида Сеул ва унга ёндош ҳудудларга зарба беришдир.
Шимолий Корея қуроллари Россияда
Украина мудофаа разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг маълум қилишича, Шимолий Корея 2025 йилда Россияга 148 та баллистик ракета тизими (жумладан, КН-23) етказиб бериши режалаштирилган. Буданов, шунингдек, Россия ҳарбий ишлаб чиқаришни кескин оширгани, аммо рус армияси фойдаланаётган артиллерия снарядларининг 50 фоизи корейслардан сотиб олинганини қўшимча қилган.
Изоҳ (0)