20 август куни президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида 300 га яқин тадбиркор ва инвесторлар билан учрашди. Мулоқотда тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш масаласида қатор янгиликлар айтилди.
Ички бозорда тенг рақобат бўлади
“Эртанги кунимиз бу — тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протексия қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди”, деди президент.
Мулоқотда икки ой олдин алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилингани айтилди. Шу билан бирга, корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилиниши қайд этилди.
Президент бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлашини айтди.
Йиғилишда сўнгги икки йилда бозорга киришдаги 13 та эксклюзив ҳуқуқ бекор қилингани, яқинда яна 7 таси бекор бўлиши маълум қилинди. Бу орқали 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлар учун бозорга кириш имконияти яратилиши таъкидланди.
Энди банклар йирик давлат корхоналарига камроқ, хусусий бизнесга кўпроқ кредит беради
Учрашувда давлат банклари берган кредитнинг 92 триллион сўми (30 фоизи) 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келиши танқид остига олинган. Йирик корхоналар трансформация қилинаётгани, улар молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатилаётгани айтилган.
“Шу сабабли, энди давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилади. Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 триллион сўмни хусусий бизнесга йўналтиради”, деган президент.
Банкларга ислом молияси учун йўл очилади
Мулоқотда Ўзбекистонда ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдиргани очиқланди. Ўтган ойда микромолия ташкилотларига исломий шартлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилгани эслатилди.
Шу билан бирга, банкларга ислом молияси билан ишлашга имкон берувчи янги қонун лойиҳаси тайёрлангани айтилди. Ҳужжат қабул қилинса, ислом молияси билан банклар ҳам ишлаши мумкин бўлади. Бу янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.
Микрокредит миқдори оширилади
Мулоқотда 100 миллион сўмгача микрокредит бор-йўғи 9 фоиз тадбиркорлар эҳтиёжи учун етарли экани ўртага ташланди.
Эндиликада банклар томонидан бериладиган микрокредитлар миқдори уч карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилиши маълум қилинди. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб этилмайди. Мазкур йўналишдаги кредитлар учун йилига 10 триллион сўм ажратилади.
Тадбиркорга ер сотиб олиш осонлаштирилади
Эндиликда тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади.
Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Тадбиркорлар дарҳол тўлов қиламан деса, уларга 20 фоизгача чегирма берилади.
Шунингдек, йирик лойиҳаларда ер қийматини тадбиркор устав фондига давлат улуши сифатида киритиши мумкин бўлади. Тадбиркор истаган пайтда бу улушни ўзи сотиб олиши мумкин. Бу орқали шу йилнинг ўзида тадбиркорлар ихтиёрида 3 триллион сўм қолади.
Қурилиш даврида ер солиғига имтиёз
Энди янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади. Бунда қурилиш даврига ер солиғи бўйича 50 фоиз имтиёз берилади (вилоят марказларидан ташқари).
Қурилишга рухсат олиш муддати давлат органи айби билан ўтказиб юборилса, қурилиш вақти шу муддатга узайтириб берилади. Муддатида бўлмаса, ер суд орқали қайтариб олинади ёки бошқа тадбиркорга сотилади.
Электр ва газ тўловида енгиллик
Мулоқотда саноат корхоналари электр ва газга ўрнатилган лимит ошиб кетса, тўлов икки карра кўп ундирилаётганидан норози бўлаётгани айтилган.
“Эндиликда электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади”, деди давлат раҳбари.
Тадбиркорлик рейтингида “юқори”, “ўрта” тоифадаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Бюджетдан, кредитдан ва бошқалардан қарзи бор тадбиркорларни ҳисоб рақамига “инкассо” қўйилгани учун, улар электр, газ ва сувга тўлов қила олмаяпти. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ узилади. Энди “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди.
Хусусий сектор энергетика соҳасига киради
Йиғилишда президент ҳудудий электр тармоқларининг бошқарувини хусусий секторга беришда амалий босқич бошланишини маълум қилди. Хусусан, октябрда Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларига хусусий оператор жалб қилиш бўйича тендер эълон қилинади. Келгуси йил Жиззах ва Сирдарёда ҳам худди шундай ишлар амалга оширилади.
Микромолия банклари очишга имкон берилади
Ўзбекистонда устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилади. Бундай банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади.
Микромолия ташкилотлари томонидан тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.
Сунъий интеллект ва стартаплар
IT паркда сунъий интеллект маркази очилади. Бу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилади. Лойиҳаларни молиялаштириш учун 50 миллион доллар ажратилади.
Стартапларни “оёққа турғазиш” учун венчур жамғармалар фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун IT парк ҳам 10 миллион долларлик жамғарма ташкил қилади. Шунингдек, стартап хориждан олиб келган ҳар 1 доллар инвестициясига давлат ҳам 1 доллар ресурс беради. Стартап ишланмаларини патентлаш ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш каби харажатларни давлат қоплаб беради. Умуман олганда, бу соҳага 50 миллион доллар йўналтирилади.
Маҳаллийлаштириш кучайтирилади
Кимё, металлургия корхоналари, насос станциялари ва ГЭСлар, тўқимачилик ва тиббиётда ҳам бундай хизматларга талаб катта. Шу боис, бир йил ичида 3 минг нафар маҳаллий мутахассис Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Туркиядаги ишлаб чиқарувчи компанияларга малака оширишга юборилади. Уларнинг харажатларини давлат қоплаб беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Ресторан ва кафеларга имтиёзлар
2025 йил 1 январдан умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми “кешбэк” сифатида қайтариб берилади. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизини нақд пулсиз амалга оширган корхоналарга ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. Агар нақд пулсиз айланма 60 фоиздан кам бўлса, кешбэк 20 фоиз бўлади.
ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи икки карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Уларга баҳор ва ёз мавсумида ўзларига туташ майдонларда стол-стул ва соябон қўйиб ишлашга рухсат берилади.
Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномасини тузиши мумкин бўлади. Худди шу каби 1 октябрдан меҳмонхона ва туроператорларга ҳам тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи “кешбэк” қилиб берилади.
Тадбиркорни жавобгарликка тортиш либераллаштирилади
Тадбиркор тўламаган солиқ 100 миллион сўмдан ошса, у жиноятчи бўлиб қолмоқда. Шу боис, президент солиқ тўламаганлик учун тадбиркорга жиноят иши қўзғатишга асос бўладиган миқдорни икки бараваргача оширишни таклиф қилди.
Гаров масаласида енгиллик
Кредит вақтида қайтмаса, гаровга қўйилган мулк шартнома тузилган пайтдаги қийматида сотувга чиқарилади. 3–4 йил олдин кредит олинганда 100 миллион сўмга баҳоланган мулкнинг бугунги нархи 30–40 фоиз қимматлашса, уни қандай қилиб эски қийматида сотиш мумкин, дея савол қўйди президент.
“Тўғри, муаммоли кредит билан қаттиқ шуғулланиш керак, лекин бу тадбиркорни “тугатиш” ҳисобидан бўлмаслиги зарур”, деди давлат раҳбари.
Эндиликда гаровдаги мулкни савдога чиқаришдан олдин унинг ҳозирги бозор қиймати аниқланадиган, қайтмаган қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса, ундирув мулкка қаратилмайдиган тизим яратилади. Банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.
Ер пуллари “снос” компенсациясига йўналтирилади
Мулоқотда кўчмас мулк бузилиши бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар борлиги таъкидланди. Ҳозирда ушбу харажатлар вилоят бюджети ҳисобидан қопланаётгани айтилди. Лекин айрим вилоятлар бюджетида маблағ кам қолаётгани учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5–6 йилга чўзилиб кетмоқда.
Эндиликда ер савдосидан тушган маблағлар аввало, бузилишлар бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади.
Изоҳ (0)