Санкт Петербургда маҳаллий Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) штаб-квартираси ёнида рақс тушиб, суратга тушган хорижий сайёҳлар гуруҳи қўлга олинди. Бу ҳақда сешанба куни “Фонтанка” нашри хабар берди.
Хабарга кўра, ҳибсга олинганлар орасида икки нафар АҚШ фуқароси, бир нафар Исроил фуқароси ҳамда Санкт Петербургда яшовчи маҳаллий аҳоли вакили бор.
Гуруҳ шаҳарнинг Буюк хор синагогасидан қайтаётиб ФСБнинг Литейний проспектидаги биноси яқинида тўхтаб, рақсга тушган. Даъво қилинишича, улар полициянинг суратга олишни тўхтатиш талабига бўйсунмай, тажовузкор ҳаракатлар қилган.
Шундан сўнг тўрт киши жамоат тартибини бузишда айбланиб, вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилган. Улар устидан расмий айблов қўйилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Россиянинг энг қудратли ташкилотидир. Совет КГБнинг меросхўри ҳисобланган тузилмада, тахминан, 300 минг ходим меҳнат қилиши айтилади. Қувғиндаги рус мухолифати ва фаоллар ташкилотни инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш, чекловлар ва бошқаларда айблаб келади. Президент Владимир Путиннинг ўзи ҳам 1998 йил июлдан 1999 йил мартига қадар ФСБ директори сифатида Борис Ельцин жамоасида хизмат қилган.
Изоҳ (0)