АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакатга ота-онаси ёки васийисиз келган муҳожир болаларни зудлик билан депортация қилишга киришди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Мамлакат ички хавфсизлик вакилларининг билдиришича, федерал агентлар ўсмирлардан мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишни хоҳлаш-хоҳламасликларини сўрамоқда. Янги сиёсат 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларга амал қилиши билдирилган.
АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) ходимларига болаларнинг фикрини ўрганиб, уларни ватанларига қайтариш вазифаси юклатилган. Агар болалар бунга рози бўлса, агентлар уларни депортация қилиш учун ICE’га топширади. Бироқ ICE болаларни божхонадан 72 соат ичида олиб кетмаса, агентлар уларни Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборади.
Трамп маъмурияти сўнгги пайтларда депортация сиёсатини кучайтираётгани маълум. Болаларни депортация қилиш ҳам ҳукуматнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларининг навбатдаги босқичидир. Бу Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар департаментига ҳам анча енгиллик бериши айтилди.
Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача АҚШ федерал ҳокимияти фақатгина Мексика ва Канададан келган ҳамроҳсиз болалардан мамлакатни тарк этиш фикрларини сўраганди. Бошқа мамлакатларга бундай “имтиёз” олдин берилмаган.
“Ҳамроҳсиз чет эллик болаларга АҚШга кириш учун аризани қайтариб олиш имкониятини бериш қарори 2022 йилда қабул қилинган. Бу сиёсат ‘Одам савдосининг олдини олиш ва ҳимоя қилишга қайта рухсат бериш тўғрисидаги’ қонунда аккредитациядан ўтган”, деди Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби.
Изоҳ (0)