Буюк Британияда 30 июль куни авиадиспетчерлик хизматида содир бўлган техник носозлик туфайли 120 дан ортиқ авиақатнов бекор қилинди. Бу ҳолат Лондон, Эдинбург, Xitrou ва Гатвик аэропортларига таъсир кўрсатди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Носозлик чоғида Лондон ҳаво ҳудудидаги самолётлар сони чеклаб қўйилган. Гарчи муаммо тезда ҳал этилган бўлса-да, соат 19:30 (Ўзбекистон вақти билан 00:30)га келиб 67 та учиб кетиш ва 55 та учиб келиш рейси бекор қилинган. Айрим самолётлар бошқа ҳудудларга йўналтирилган.
Авиадиспетчерлик хизмати техник носозлик Англиянинг жануби-ғарбидаги Сванвик бошқарув марказида юз берганини тасдиқламоқда. Носозлик маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида аниқланиб, 1 соат мобайнида бартараф этилган.
Бу Британия авиадиспетчерлик хизмати тизимида сўнгги йилларда кузатилган энг йирик носозликлардан бири бўлиб, 2023 йилда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берганди. Ўшанда 1,5 мингдан зиёд парвоз кечиктирилганди. Носозлик айнан ёзги таътил пайтида юз бериши авиакомпаниялар раҳбарларининг кучли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Ryanair авиакомпанияси операцион директори Нил МакМахон авиадиспетчерлик хизмати раҳбари Мартин Ролфнинг истеъфосини талаб қилиб, бундай ҳолат яна такрорлангани “шармандалик” эканини таъкидлаган.
“2023 йил августидаги носозликдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмагани аён”, деди у.
Изоҳ (0)