Жанубий Кореяда 2025 йилнинг ёз ойларида жазирамадан вафот этганлар сони 13 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш расмийлари 30 июль куни маълум қилди.

Корея касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш агентлиги (KDCA) маълумотларига кўра, 2025 йил май ойининг ўрталаридан буён 2768 нафар фуқаро қуёш уриши симптомлари билан шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилган, уларнинг 13 нафари вафот этган.
Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ошган. Хусусан, беморлар сони 2,6 баробар, ўлим ҳолатлари эса 4 тадан 13 тагача — 3 баробар ортган. 2025 йил кузатилган ҳолатларнинг 60,4 фоизи қуёш уриши бўлган бўлса, 16,6 фоизи иссиқлик уриши, 13,5 фоизи мушак тортишиши, 8 фоизи эса ҳушдан кетиш билан боғлиқ бўлган.
Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида жазирама сабаб огоҳлантириш эълон қилинган. Корея Метеорология Агентлиги маълумотига кўра, 30 июль куни Тежон шаҳрида +38 даража, Сеул ва Тегу шаҳарларида эса +36 даража ҳаво ҳарорати қайд этилган.
Жежу оролидаги Согвипхо шаҳрида 15 кундан буён тропик тунлар кузатилаётган бўлса, Сеулда бу тунларнинг сони кетма-кет 10 тага етган. Синоптикларнинг огоҳлантиришича, мамлакат бўйлаб давом этаётган жазирама яқин кунларда янада кучаяди.
Тропик тун — кечаси ҳаво ҳарорати +25 даражадан пастга тушмайдиган тунлардир. Бу атама одатда иссиқлик тўлқини даврида қўлланади ва инсон саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатади, чунки организм тун давомида тўлиқ совиб, дам ололмайди. Тропик тунларнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
- одатда июль–август ойларида, яъни ёзнинг энг иссиқ даврида кузатилади;
- шаҳарларда кўпроқ учрайди, чунки асфалт, бетон ва бинолар иссиқликни ушлаб туради.
Сўнгги йилларда иқлим ўзгаришлари туфайли Жанубий Кореяда ёз ойларида кучли жазирама тез-тез рўй бермоқда. Жумладан:
- 2023 йил ёзида иссиқлик билан боғлиқ ҳолатлардан 23 киши вафот этган, 4 мингдан ортиқ фуқаро иссиқлик уриши ва бошқа касалликлар билан шифохонага ётқизилган;
- 2022 йилда эса бундай ҳолатлар нисбатан кам бўлган: 9 киши вафот этган;
- 2018 йил эса Жанубий Корея тарихидаги энг иссиқ ёз бўлган. Ўшанда +40 даражадан ортиқ ҳарорат қайд этилиб, 42 киши вафот этганди.
Изоҳ (0)