Сербия Марказий банки мамлакатга тегишли барча олтин захираларини ўз ҳудудига қайтаришни режалаштирмоқда. Бу қарор глобал инқирозлар фонида захираларни хавфсиз сақлаш мақсадида қабул қилинди. Бу ҳақда EuroАsia Daily хабар берди.
Сербия олтин захираларини қайтариш ишларини 2021 йилда, глобал беқарорлик кучайган пайтда бошлаганди. Бу борада мамлакат Марказий банки шундай изоҳ берган:
“Олтинни мамлакатга қайтариш орқали биз унинг инқироз ва ноаниқлик даврида янада хавфсиз бўлишини таъминламоқчимиз”.
Ушбу қарор натижасида Сербия Шарқий Европада ўз олтин захираларини Швейцария, Буюк Британия ёки АҚШда эмас, балки тўлиқ ўз ҳудудида сақлайдиган илк давлатга айланиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача Сербия хориждан 17 тонна олтин сотиб олган. Шунингдек, Zijin Mining Group Cо. компаниясидан 19 тонна олтин харид қилган. Ҳозирда мамлакатнинг умумий олтин захираси 50,5 тоннани ташкил этмоқда. Бу 6 миллиард АҚШ долларига тенг миқдордир. Уларнинг деярли барчаси пойтахт Белградда сақланмоқда, фақатгина 2024 йилда харид қилинган 5 тонна олтин ҳозирча Швейцарияда қолмоқда. Бу олтинлар ҳам тез орада мамлакатга олиб келиниши режалаштиирлган.
2022 йилда Россиянинг валюта захиралари музлатиб қўйилгач, кўплаб марказий банклар олтин тўплашни икки баравар тезлаштириб юборган. Бу эса доллар ва еврода сақланаётган активларни хавф остига қўйган. Олтинни ўз ҳудудида сақлаш хорижий аралашувдан ҳимоя қилишда муҳим омил ҳисобланади.
Изоҳ (0)