Евокоммисия раиси Урсула фон дер Ляйен Пекинни Украинадаги урушни тугатишга ёрдам бериш учун Россияга таъсир ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Пекинда бугун, 24 июль куни Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 50 йиллиги муносабати билан саммит бўлиб ўтмоқда. Унда Россия-Украина уруши ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, иттифоқ раиси Хитой президенти Си Цзиньпинга мурожаат қилиб, шундай деди:
“Биз Хитойни Россиянинг БМТ низомини ҳурмат қилишини таъминлашга ундаймиз. Шунингдек, Пекинни Украинага қарши агрессив урушни тўхтатиш учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирамиз”.
Урсула фон дер Ляйен саммитда ЕИ ва Хитой муносабатларини қайта кўриб чиқишга ҳам чақирган. У 2024 йили ЕИдаги 305,8 миллиард евролик савдо дефицитини эслаб ўтиб, бу муаммони Хитой билан савдо алоқаларини яхшилаш ҳисобига ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.
“Ҳамкорлигимиз чуқурлашгани сари номутаносибликлар ҳам ортиб бормоқда. Биз бурилиш нуқтасига етиб келдик. Икки томонлама муносабатларимизни қайта кўриб чиқиш зарур”, деди иттифоқ раиси.
Хитой раҳбари бунга жавобан ЕИни тўғри стратегик қарорлар қабул қилишга чақирди. У томонлар ўзаро келишмовчиликларга қарамай, умумий тил топа олишини таъкидлади.
“Халқаро вазият қанчалик мураккаб ва чалкаш бўлмасин, Хитой ва ЕИ учун муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ошириш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим”, деди Си Цзиньпин.
Изоҳ (0)