АҚШ Покистон билан нефть қазиб олиш бўйича қўшма келишувга эришди. Бу ҳақда президент Дональд Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида маълум қилди.

Сиёсатчи Вашингтон бир кун келиб Ҳиндистонга нефть сотиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Биз Покистон билан келишувга эришдик, унга кўра Қўшма Штатлар уларнинг улкан нефть захираларини ўзлаштириш устида биргаликда ишлайди. Ҳозирги вақтда бу ҳамкорликка раҳбарлик қиладиган нефть компаниясини танламоқдамиз, деди Трамп.
2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги умумий савдо ҳажми тахминан 7,3 миллиард долларни ташкил этган. Ўша йили АҚШнинг Покистонга экспорти 2,1 миллиард доллар бўлган. Бу 2023 йилга нисбатан 4,4 фоизга (90,9 миллион доллар) кўп.
Покистон Молия вазирлиги билдиришича, нефтга оид келишув икки томонлама савдони кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва технологик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. АҚШ Покистон билан илгари ҳеч қачон бундай йирик ҳажмдаги табиий ресурслар бўйича қўшма ишлаб чиқариш битими имзоламаган эди.
АҚШнинг Ҳиндистон билан савдо муносабатлари қандай?
АҚШ раҳбари 30 июль куни Ҳиндистонга нисбатан анча кескин чоралар кўришини эълон қилди. Жумладан, 1 августдан бошлаб ушбу давлатдан олиб кириладиган маҳсулотларга 25 фоизлик бож солинади. Бундан ташқари, Ҳиндистоннинг Россиядан қурол-яроғ ва нефть харид қилаётганига жавобан “алоҳида жазо солиғи” ҳам қўлланилади. Аммо бу жазога ҳали аниқлик киритилмаган.
У Ҳиндистон Россиядан ҳарбий техника ва энергия харид қилишда давом этаётганини танқид қилган. Бунга жавобан Ҳиндистон ҳукумати эса “ўзаро манфаатли, адолатли ва мувозанатли” савдо келишувини тузишга интилишини билдирган. АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми 2024 йилда 190 миллиард долларни ташкил этган. Аммо икки давлат ўртасидаги савдо камомади 45,8 миллиард долларга тенг.
Изоҳ (0)