Исроил Ғазо шаҳрида кенг кўламли ҳарбий ҳужумга тайёрланаётган бир вақтда, мамлакат мудофаа вазири Исроил Кац 22 август куни фаластинлик ҲАМАС гуруҳини жиддий огоҳлантирди. Унинг айтишича, гуруҳ яҳудий давлатининг шартларига рози бўлмаса, Ғазонинг энг йирик шаҳри буткул вайрон қилинади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Кацнинг таъкидлашича, Ғазо шаҳри Рафаҳ каби бутунлай харобага айлантирилади. Вазирнинг ушбу баёноти мамлакат бош вазири Бенямин Нетаньяху армияга шаҳарни тўлиқ эгаллашни буюрганидан бир кун ўтиб янграмоқда.
“Ғазо шаҳри Рафаҳ ва Байт Ҳанун каби харобазорга айланиши мумкин. ҲАМАСнинг сектордаги қотил ва зўравонлари учун дўзах дарвозалари очилади — то улар урушни тугатиш бўйича Исроил шартларига рози бўлмагунча”, деб ёзди Кац ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Исроил анклавдаги урушни тўхтатиш учун 2 та асосий талабни илгари сурмоқда: барча гаровга олинганларни озод қилиш ва ҲАМАСнинг тўлиқ қуролсизлантирилиши. ҲАМАС эса гаровдагиларни озод қилишга рози, бироқ қуролсизланишни фақат Фаластин давлати тузилгандагина муҳокама қилиш мумкинлигини таъкидламоқда.
Маълумот ўрнида, секторда 22 август тонгидан бери 25 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, улар орасида 3 нафар ёш бола ҳам бор. Хусусан, Исроилнинг Ғазо шаҳридаги Шайх Радван маҳалласида жойлашган мактаб биносига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида 5 киши ҳалок бўлиб, бир киши яраланган.
Изоҳ (0)