Германия ҳукумати Россиянинг эҳтимолий ҳужуми муносабати билан йиллик мудофаа бюджетини ҳозирги 86 миллиарддан 162 миллиард еврога оширади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Ҳукуматнинг юқори мартабали мулозимига кўра, бу миқдорга 2029 йилгача босқичма-босқич эришилади. Жумладан:
- 2026 йилда ҳарбий харажатлар 118 миллиард еврога,
- 2027 йилда 130 миллиард еврога,
- 2028 йилда эса 146 миллиард еврога етиши кўзда тутилган.
Ушбу маблағдан ҳар йили 9 миллиард евро Украина учун Россияга қарши курашда ёрдам сифатида ажратилади. Ҳозирда Германия мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини сарфламоқда. Агар суммани деярли икки баравар оширишни ҳисобга олса, янги кўрсаткич ЯИМнинг 4 фоизига тенг бўлади.
Германия канцлери Фридрих Мерс Россия таҳдидига қарши туриш учун ҳарбийларни “Европанинг энг кучли армияси”га айлантиришга ваъда берган эди. Йил бошида Германия ҳукумати мудофаа соҳасида қарз олиш чекловларидан воз кечиб, ҳарбий харажатларнинг мисли кўрилмаган даражада ўсишига йўл очди.
Июнда мудофаа вазири Борис Писториус қуролли кучлар сони захиралар билан қўшиб ҳисоблаганда 460 минг кишига етказишилишини айтди. Ҳозир Германия армиясида 183 мингга яқин фаол ҳарбий хизматчи бор.
2024 йилда Германия армия учун қурол сотиб олишга 31 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган. Жами 12 мингга яқин шартнома тузилган, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва ўқ-дорилар устувор аҳамиятга эга бўлган.
Изоҳ (0)