Хитойнинг Tianjin Rail Transit Group компанияси Тошкент—Самарқанд янги темирйўл линиясини барпо этиш лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 август куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Хитойнинг ушбу компанияси бош директори ўринбосари Юнкан Ма билан музокаралар ўтказди. Унда томонлар метрополитен ва темирйўл транспортини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Хитой томони мавжуд метро линияларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, шунингдек, Тошкент—Самарқанд янги темир йўл линиясини барпо этиш лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдирган. Компания мазкур лойиҳаларни батафсил ўрганиш асосида ўз таклифларини тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.

Жасурбек Чориев Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли ва Трансафғон коридорини қуриш бўйича йирик лойиҳалар ҳақида ахборот берди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш, илғор технологиялар ва инновацион ечимларни жалб этиш борасида ҳамкорликка қизиқиш юқори экании билдирди.
31 июль куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов Тянцзин шаҳрида инфратузилма, энергетика, транспорт ва туризм соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан Хитойнинг етакчи компаниялари, шу жумладан, Tianjin Rail Transit Group Corporation раҳбарияти билан музокаралар ўтказганди. Компания метро тизимлари бўйича илғор ечимларини, жумладан автоматлаштириш, ҳаракатни бошқариш ва ходимларни ўқитиш бўйича тажрибасини тақдим этганди.
Тошкент—Самарқанд йўналишидаги поездлар учун янги темирйўли ҳақида
Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йиғилишида Тошкент—Самарқанд ва Самарқанд—Навоий—Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қурилишини маълум қилганди. У 2030 йилгача 30 млрд долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари дастури доирасида амалга оширилади.
Оша йилнинг декабрида Тошкент—Самарқанд йўналишида йўналишида ҳаракатланувчи поездлар учун янги темирйўл магистралининг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашга старт берилди. Техник-иқтисодий асослаш ишлари 15 ой, яъни 2026 йилнинг март ойигача давом этади.
“Ўзбекистон темир йўллари” ахборотига кўра, президент ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Ўзбекистон транспорт тизимини модернизация қилишга қаратилган. Янги магистрал икки йирик шаҳар ўртасидаги қатнов вақтини сезиларли даражада қисқартиради, йўловчиларга қулайлик даражасини оширади ва транспорт хизматлари сифатини оширади.
Мазкур тезюрар темирйўлни қуришда иштирок этишга Туркиянинг Rönesan holding компанияси ҳам қизиқиш билдирган.
Изоҳ (0)