Бугун, 22 июль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Кун давомида давлат раҳбарига ҳудуддаги саноат ва ижтимоий соҳаларда бажарилаётган ишлар, янги очилган корхоналар тўғрисида ахборот берилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф доирасида Зомин туманидаги янги лойиҳалар кўздан кечирилган. Хусусан, делегация янги очилган, “ягона дарча” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги хизматларини битта жойга жамлаган “Агромарказ”да бўлди. Хабарда қайд этилишича, ҳосилдорликни оширишга қаратилган янгича ёндашувлар вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ижобий таъсир этиб, аҳолини кўпроқ даромад топишига имкон яратмоқда.

“Жиззах вилояти картошкачиликни ривожлантиришга замин қилиб олинмоқда. Бугунги кунда Зомин илмий тажриба станциясида хорижий ва маҳаллий селексияга мансуб 12 та нав бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилди. Одатда уруғлик картошка етиштириш 6–7 йилни ва 8 та босқични талаб қилса, янги таклифга кўра, жараён 4 босқичга камайтирилиб, икки йилда тайёрланади. Бунда картошканинг янги селексия навларидан 12 тонна юқори авлод супер элита уруғлик аҳоли хонадонларига бепул тарқатилади. Натижада 120 тонна элита картошка уруғлиги етиштирилади”, дейилади манба хабарида.
Таҳлил қилинишича, Жиззахнинг турфа табиати, тоғли ва чўл ҳудудлари йилнинг тўрт фаслида ҳам саёҳат қилиш имконини беради. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси, Зомин аэропорти ва янги йўллар бу имкониятларни кенгайтирди. Йирик олтита канал бўйида сайилгоҳлар ташкил қилинган. Энди “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилади.

“Туманларга саноатни олиб кириб, одамларни ишли қилишга ҳаракат қиляпмиз. Илгари дашт бўлган жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти. Одамларимиз ҳунаридан, томорқасидан ҳам даромад топяпти. Лекин бу бугунги натижа. Янги авлод етишиб келяпти, ёшларимизнинг билими, талаби ошиб боряпти. Уларнинг ишлаши, яхши яшаши учун ҳозирдан замин яратишимиз керак. Агар имкониятлардан тўғри фойдаланилса, Зомин тумани ишсизликдан холи ҳудуд бўла олади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ташриф давомида Зомин туманида қурилиши режалаштирилган маданият саройи ва санъат мактаби тўғрисида ҳам ахборот берилган. Манбага кўра, маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда “Зомин сайқали” фолклор-этнографик жамоаси, 13 та тўгарак фаолият юритади. Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилган.

Маълумот учун, президент қарори билан Жиззах вилоятига 2025 йилда икки миллиард доллар инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. Шунингдек, вилоят экспорти ҳажмини 285 миллион долларга етказиш, 168 минг одамни ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланган. Бу вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг I ярмида Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушган. Вилоятга 662 миллион доллар инвестиция кириб келган.
Изоҳ (0)