Ўзбекистонда туғилган қозоғистонлик UFC жангчиси Шавкат Раҳмоновнинг турмуш ўртоғи иштирокида юз берган ҳамда икки кишининг ҳаётига зомин бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноий иш очилди. Бу ҳақда Sports.kz нашри хабар бермоқда.

Ҳодиса Жамбил вилоятида содир бўлган. Toyota Land Cruiser 200 русумли автомобиль Қарағанда вилоятидан Олмаотага қараб ҳаракатланаётганда бошқарувни йўқотиб, ағдарилган. Воқеа оқибатида икки нафар йўловчи ҳалок бўлган, яна икки киши — ҳайдовчи ва вояга етмаган шахс шифохонага ётқизилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, автомобилни бошқарган фуқаро Шавкат Раҳмоновнинг турмуш ўртоғи бўлган.
Ҳодиса юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми асосида жиноий иш қўзғатилган. Мазкур модда транспорт воситасини бошқаришда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, икки ёки ундан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлганлик учун жавобгарликни назарда тутади.
Қонунчиликка кўра, бу жиноят учун:
- 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
- 7 йилгача транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Яъни, Раҳмоновнинг рафиқаси айбдор деб топилса, у қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Мазкур ҳолатда жиноят оғир тоифага киради. Шу сабабли, жабрланувчилар келишиб, компенсация асосида жиноят ишини ёпишнинг имкони йўқ. Қозоғистон ЖКнинг 68-моддаси 3-қисмига кўра, оғир жиноятлар бўйича ярашув асосида иш тугатилмайди.
Расмий ахборотга кўра, ҳодисада оқибатида ҳайдовчининг ўзи ҳам тан жароҳати олган, шунингдек, унинг вояга етмаган фарзанди ҳам жароҳатланган. Қозоғистон ЖКнинг 53-моддаси 4-қисмига кўра, айбдорнинг вояга етмаган фарзанди борлиги суд томонидан енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътиборга олинади.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки тергов муддати 2 ой бўлиб, прокуратура рухсати билан бу муддат 3 ой ёки мураккаб ҳолларда 12 ойгача узайтирилиши мумкин.
Маълумот учун, Шавкат Раҳмонов 1994 йил Сурхондарёнинг Шўрчи туманида туғилган. У 2014 йили Қозоғистон фуқаролигини олган ва оиласи билан Қарағандага кўчиб кетган. Раҳмонов 2020 йилдан бери UFCʼда жанг қилиб келади. Ҳозирда у ушбу промоушеннинг ярим ўрта вазндаги рейтингида 3-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)