“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 14 ноябрь куни президент томонидан имзоланганди. Қонунда белгиланишича, болаларга нисбатан зўравонлик содир этганларнинг хулқ-атворини тузатишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.
Ҳужжатга кўра, зўравонликнинг такроран содир этилишининг олдини олиш ҳамда зўравонликдан жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартириш юзасидан психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.
Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади. Тузатиш дастуридан ўтиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсда руҳий ҳолатнинг бузилиши мавжуд бўлганда, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.
Ушбу қонун 2024 йил 31 майда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 15 августда Сенат томонидан маъқулланганди. У расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач, яъни 2025 йил 15 майдан кучга киради.
Изоҳ (0)