Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси Ўш вилоятидаги қирғиз-ўзбек давлат чегарасида Ўзбекистон томонидан берилган иккита ер участкасини давлат мулкига қабул қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда 24.кг хабар берди.

Биринчи участка 100 гектар бўлиб, Қорасув туманида 312/4 ва 312/6-рақамли чегара пунктлари оралиғида жойлашган. Иккинчи участканинг майдони эса 198,44 гектар. У Араван туманидаги 324 ва 328-рақамли пунктлар оралиғида жойлашган.
Юқоридаги қарорлар 2022 йил 3 ноябрда Бишкекда имзоланган “Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида давлат чегарасининг айрим қисмлари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш доирасида қабул қилинган.
Қирғизистон томони бир ой ичида ушбу майдонларни хатловдан ўтказиб, давлат рўйхатига олади. Қорасув ва Араван туманлари ҳокимликлари ер майдонларини Қорасув ҳамда Керме-Тоў округларига бепул фойдаланишга топшириб, улардан мақсадли фойдаланишни таъминлайди.
Қарорни амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, давлат чегарасини демаркация қилиш жараёни якунлангач, маъмурий чегараларнинг янги харитаси тайёрланади ва ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади. Қарор етти кундан кейин кучга киради.
Изоҳ (0)