Сўнгги уч йилда (2022—2024) Қирғизистонда жон бошига даромад ўсиши қарийб икки баробарга ошган ҳамда бу Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткич. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг ҳисоботида қайд этилган.

Ҳисоботда келтирилишича, Қирғизистонда сўнгги уч йилда иқтисодий ўсиш ҳар йили 9 фоиздан шаклланган. Жон бошига даромадлар эса 85 фоизга ўсиб, 2 500 долларга етган. Таққослаш учун бу даврда жон бошига даромад Тожикистонда 49 фоизга, Қозоғистонда 42 фоизга ҳамда Ўзбекистонда 37 фоизга ўсган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида ўсиш янада тезлашиб 13,1 фоизга етган. ХВЖ жорий йилда иқтисодий ўсиш 6,8 фоизни ташкил этишини ўрта муддатда эса ўсиш 5,25 фоизгача секинлашишини прогноз қилмоқда.
Иқтисодий таҳлилчи Миркомил Холбоев ёзишича, агар Қирғизистонда иқтисодий ўсиш шундай суратларда давом этса, жон бошига даромад бўйича Ўзбекистонга етиб олади.
“Агар сўнгги уч йилдаги (доллардаги) ўртача ўсиш давом этса, Унда Қирғизистон 2026 йилда жон бошига даромад бўйича мамлакатимизга деярли етиб олади, 2027 йилдан эса ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан бойроқ бўлади. 2030 йилга бориб Қирғизистонда жон бошига даромад Ўзбекистонга нисбатан 1,5 баробарга юқорироқ бўлиши мумкин”, дея ёзган у.
Шу билан бирга, Қирғизистон сўнгги уч йилда жон бошига даромади бўйича дунёнинг энг тез ўсган мамлакатларидан бири бўлган.

Графикда 2024 йилдаги жон бошига даромаднинг (ЯИМ) 2021 йилга нисбатан ўзгариши келтирилган. Бу даврда жон бошига даромад Гуянада (Жанубий Америкадаги кичик давлат) 3 баробарга (янги нефть конларида нефть қазиб олишнинг оширилиши эвазига), Арманистонда 81,4 фоизга ҳамда Грузияда 80,8 фоизга ўсиб, Қирғизистондан юқори шаклланган.
Шунингдек, Тожикистон ҳам жон бошига даромади ўсиши бўйича юқори 10 таликдаги давлатлар сафига кирган.
“Минтақавий вазият бундай юқори ўсишга сабаб бўлаётган бўлса-да, қўшниларимизда бундай юқори ўсиш кузатилаётгани биз учун жудаям ижобий тенденция”, дея хулоса қилган иқтисодий таҳлилчи.
Бошқа бир иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Қирғизистонда даромадлар ўсиши тезлашганини изоҳлаб, бу қаттиққўл ҳокимият ва Украинадаги уруш эффекти эканини айтиб, бир қанча омилларни санаб ўтган.
“Қирғизистонда даромадлар ўсиши тезлашгани кўп омилларга боғлиқ. Улардан муҳими 2021 йилда ҳокимиятга келган Жапаров ва Ташиев маъмурияти юритаётган қайта марказлаштириш сиёсати билан боғлиқ. Янги қаттиққўл ҳокимият бюджет, солиқ ва божхона тешикларини ёпди, қўлдан чиққан кон ва активларни миллийлаштирди, криминал авторитетларни йўқ қилди.
Яъни 30 йиллик анархияга барҳам берилди, тарқоқлик ўрнини сиёсий, иқтисодий, молиявий концентрация эгаллай бошлади, давлат куч ишлатиш монополиясини ўзига қайтарди. Табиийки, давлат бюджети 4 йилда 3 карра ошди, давлат ижтимоий функциясини бажара бошлади (аҳоли даромадлар ўсишининг асосий манбаи).
Лекин бу жараён қанча давом этади, жуда саволли. Жапаров Қирғизистони Каримовнинг 90 йиллар ўртасидаги хатосини такрорласа, яъни қаттиқлашувни давом эттирса, ўсиш секинлашади. Иқтисодиёт анархияда кенгаймайди, лекин диктатурада ҳам, агар бу непотизм ва клептократик белгилар билан юз берса, ўсиш секинлашади, вақт ўтиб тўхтайди”, деб ёзган у.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон Россияга нисбатан киритилган санкциялардан “унумли” фойдаланган.
“Иккинчи муҳим омил бу Россиянинг Украинага босқини ортидан киритилган санксион чекловлардан ъунумлиъ фойдаланиш билан боғлиқ. ЕОИИнинг аъзоси сифатида айтиш мумкинки, Қирғизистон Россия учун параллел импортнинг муҳим хабига айланди. Грузиядан тортиб Европагача маршрутларда, автомобиллардан тортиб техника ва ускуналарнинг Қирғизистонга импорт қилиниб, Россияда қўним топиши охирги йилларда ҳеч кимни ҳайрон қолдирмай қўйди.
Агарда АҚШда демократлар ғолиб бўлганида, иккиламчи санкциялар қўлланиладиган биринчи давлат Қирғизистон бўлиши мумкин эди. Нима бўлгандаям, қардошлар 3 йил давомида ўта устомонлик билан вазиятдан фойдаланишди, урушнинг туманлари уларни бенефициарга айлантирди. Лекин бу омил узоққа чўзилмаслиги тобора ойдинлашмоқда”, деган у.
Маълумот учун, Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 2023 йил декабрь ҳолатига кўра 13,99 миллиард долларни ташкил этган. 2023 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 1269 АҚШ долларини ташкил этган эди.
2024 йилнинг октябрь ойидаги кўрсаткич бўйича Қирғизистон аҳолиси 7 миллион 254 минг кишини ташкил қилган. 2025 йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37,7 млн кишини ташкил этган.
Изоҳ (0)