Россия чегарачилари телефонида террористик ёки экстремистик ташкилотлар ҳамда “радикал каналлар”га обуна бўлгани аниқланган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмади. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

Мазкур ҳолатлар билан боғлиқ 20 дан ортиқ суд материаллари ўрганиб чиқилган. Ҳужжатлардан бирига кўра, Ўзбекистон фуқароси Акмалжон Б. радикал қарашли диний блогерлар каналларини ва террорчилик ташкилотлари фаолиятини акс эттирувчи видеоларни томоша қилгани сабабли Россияга киритилмаган.
Чегара хизмати масъуллари ҳолатларга баҳо бериб, Акмалжон Б.нинг радикал йўналишдаги тарғиботчиларга қизиқиши юқори экани, шунингдек, Россия хавфсизлигига таҳдид мавжудлиги тўғрисида хулосага келган, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Тожикистон фуқароси Дилшод А. ҳам Россияга киритилмаган. Текширув давомида у Россияда тақиқланган исломий радикал оқимлар вакилларининг нутқлари жойлаштирилган YouTube каналларига обуна бўлгани, шунингдек, “Россияга қарши тарғибот материалларини” томоша қилгани аниқланган.
Украина каналларини кузатадиганлар ҳам чегарадан ўтказилмаган
Чегарадан ўта олмаган бошқа бир неча кишининг гаджетларида Украинани қўллаб-қувватловчи каналларга обуналар, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини танқид қилувчи ёзишмалар аниқланган. Жумладан, бир тожикистонлик фуқаронинг телефонида диний контент, Украина махсус хизматлари фаолияти ҳақидаги видеолар ва Россия махсус хизматларини танқид қилувчи ёзишмалар мавжуд бўлган. Айрим шахслар эса чегарадан ўтишдан олдин ёзишмаларини тозалашга уринган.
2024 йил 22 март куни Crocus City Hall концерт залида содир бўлган терактдан сўнг, Россия чегараларида текширувлар кучайтирилди. Сўнгги бир ярим йил ичида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ фуқароси Россияга киришни тақиқлаш ҳақидаги қарорларга эътироз билдирган.
Уларнинг аксарияти Россияда ишлаш ниятида эканини айтган, айримлари эса қариндошлари ёки танишлари олдига бораётганини айтган. Бироқ барча ҳолатларда судлар чегарачиларнинг қарорларини қонуний ва асосли деб топиб, даъволарни рад этган.
Изоҳ (0)