Қатар меҳнат ва ижтимоий масалалар вазирлиги афғон ишчилари учун 700 та иш ўрни яратилишини маълум қилди. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.

Ушбу иш ўринлари Қатардаги компаниялар билан тузилган янги келишув доирасида тақдим этилган. Меҳнат ва ижтимоий масалалар вазирлиги матбуот котиби Самиуллоҳ Иброҳим Афғонистон ва Қатар ўртасида биринчи маротабада бандлик тўғрисида шартнома имзоланганини маълум қилган.
“Илк бора Қатар давлатига қарашли компания ва Афғонистон хусусий бандлик агентликлари ўртасида афғонларни иш билан таъминлаш борасида келишувга эришилди. Ушбу келишув асосида 700 нафар афғонларнинг бандлиги таъминланди”, деди Иброҳим.
Афғонистонда 2024 йили умумий меҳнат бозоридаги ишсизлик даражаси 13,3 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2023 йилда 14 фоиз эди. Аёллар меҳнат бозорида айниқса суст иштирок этмоқда: 2023 йили аёлларнинг иш билан таъминланганлик даржаси атиги 7 фоиз бўлган. Бу кўрсаткич эркакларда 69 фоизни ташкил этади.
Аёллар учун иш, таълим ва ҳаракат эркинлиги “Толибон” томонидан сезиларли даражада чекланмоқда. Шунга қарамай, маълумотларга кўра, ҳозирда тахминан 250 000 аёл уйда кичик ҳунармандчилик ёки бизнес билан шуғулланади.

Афғон меҳнат уюшмаси ҳозирда тахминан 1,5 миллион фуқаро ишсиз эканини билдирган. Мамлакат ҳукумати халқаро меҳнат ташкилотлар ҳамда Қатар, БАА ва Россия каби давлатлар билан биргаликда бандликни таъминлаш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Изоҳ (0)