Непалда 7 июль куни кучли ёмғир оқибатида ер кўчкилари содир бўлиб, табиий офатда 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, мамлакатда кучли ёғин 36 соатдан ортиқ давом этган. Асосан тоғли ҳудудлардан тиборат мамлакатда ер кўчкилари содир бўлиб, муҳим магистраллар тўсилиб қолган.
Непал полицияси матбуот котиби Дан Баҳодур Карки баёнотига кўра, табиий офат оқибатида саккиз киши бедарак йўқолган. Камида 12 киши жароҳатланиб шифохоналарга ётқизилган.
“Қутқарувчилар кўчкиларни тозалаш ва йўлларни очишга ҳаракат қилмоқда. Тоғли ҳудуддаги вилоятлар ташқи дунёдан узилиб қолган”, — деган Баҳодур Карки Reuters агентлигига берган интервьюсида.
Кучли ёмғир оқибатида Непал жануби-шарқидан оқиб ўтувчи Коши дарёси ўзанидан тошиб кетган. Бу эса Ҳиндистон шарқидаги Биҳар штати учун жуда ҳалокатли сигнал. Деярли ҳар йили пасттекисликда жойлашган Биҳар ҳудуди Коши дарёси тошиши ортидан тошқинларга дучор бўлади.
“Кошида сув ҳажми кўпаймоқда ва биз аҳолидан сув тошқинлари ҳақида огоҳ бўлишни сўрадик”, — деган Сунсари туманининг юқори лавозимли амалдори Бед Раж Пҳуял.
Расмийларнинг айтишича, Непал ғарбидаги Нараяни, Рапти ва Маҳакали дарёлари сув сатҳи ҳам кўтарилган. Шунингдек, мамлакатга чегарадош Ҳиндистоннинг Сикким вилоятида ҳам катта ҳажмли тошқинлар туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Изоҳ (0)