Ўзбекистонда давлатга қарашли 20 та олий таълим муассасалари ёпилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов YouTube’даги “Лолазор” подкастида маълум қилди.
Вазир сўзларига кўра, республикада ўқитиш стандартларига жавоб бермайдиган қатор давлат ОТМлари мавжуд. Айни пайтда уларни рўйхатга олиш ва ёпиш режа қилинмоқда.
“Президент талабга жавоб бермайдиган, давлатга тегишли 20 та университетни ёпинг, деб топшириқ берди. Уларнинг рўйхати яқинда шаклланади. Қайси университетларнинг битирувчиларини иш билан таъминлаш кўрсаткичи паст бўлса, ёпилади. Бу кўпроқ вилоятлардаги филиаллар билан боғлиқ жараён. Узоқ туманларда университетлар очилган. Уларда кадр йўқ, салоҳият жуда паст. У ерларга профессор-ўқитувчилар бормайди. Талабаларнинг кўпчилиги ўша университетларга ўқишини бошқа ОТМга ‘перевод’ қилиш учун киради. Чунки филиалларда ўқишга кириш бали паст. Хаёлида у ерда ўқиш эмас, бу ёққа кўчиб келиш”, деди вазирлик раҳбари.
Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, юқорида айтилаётган ОТМлар битирувчиларининг 5–10 фоизи иш билан таъминланмоқда.
“Чунки у университетларни битирганларга талаб йўқ. Шунча бинога, ўқитувчига харажат қилинмоқда. Айниқса, техника соҳасида кадр тайёрлайдиган бўлсак, талабалар 6–7 миллион сўм контракт пули тўлайди. Лекин ҳар бирининг харажатлари давлатга 20 миллион сўмга тушади. Ҳозир Ўзбекистонда 67 та хусусий, 111 та давлат ОТМлари бор. Айрим олийгоҳлар ёпилиши сабаб давлат ва хусусий ОТМлар сони тенг бўлади”, дея қўшимча қилди вазир.
Аввалроқ Қўнғиротбой Шарипов ёшлар орасида сифатли таълим олиш учун эмас, диплом учун ўқишга кириш ҳолатлари ҳалигача кўплигини айтганди.
Изоҳ (0)