АҚШ Савдо вакиллиги расмийси, ЖСТ ва кўп томонлама алоқалар бўйича директор ҳамда Ўзбекистонни ЖСТга қабул қилиш ҳайъати раҳбари Оля Лучин Ўзбекистонга ташрифи ва ундан олган таассуротлари билан бўлишди.
Олий вакил Тошкентда кўплаб раҳбарият вакиллари билан учрашгани, мазмунли мулоқотлар бўлганини ҳақида ёзган, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилот сари қадамлари ва ислоҳотларини юқори баҳолаган.
“Яқинда мен Америка Қўшма Штатлари Савдо вакили Кетрин Тай ва агентликдаги бир неча ҳамкасбларим билан Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш ва бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар, оиладаги зўравонликни жавобгарликка тортиш, Ўзбекистон пахта саноатида амалга оширилаётган муҳим меҳнат ислоҳотлари каби масалаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлдим.
Ташрифим давомида Ўзбекистоннинг ўз халқи фаровонлиги йўлида барча даражадаги ички ўзгаришларни амалга оширишга бўлган кучли интилиши ва кўплаб соҳаларда ривожланишнинг ҳозирги ҳолати ҳақида олган маълумотларимдан ниҳоятда ҳайратга тушдим.
Айнан шу сафарги ташрифим Ўзбекистон ҳукуматининг Женевада айтган ЖСТга аъзо бўлиш улар учун устувор вазифа эканлиги ҳақидаги баёнотларини мен учун ҳам тасдиқлади. Ўзбекистон Президентининг 2024 йил июндаги қабул қилинган фармони билан мен бу ҳукумат тўғри йўналишда қадам ташлаётганини кўрдим ва Женевада кўтарилган кўплаб масалаларни ҳал қилишни бошлашга тайёрлигини эътироф этдим”, — дея сафари ҳақида фикр билдирган Оля Лучин.
АҚШ расмийси Тошкентга ташрифи давомида кўплаб давлат ва нодавлат муассасаларига ташриф буюрганини билдирган. Шунингдек, ЖСТ бўйича янги бўлим иш олиб бораётгани, унинг таркибида 40 дан ортиқ экспертлар борлиги таъкидланган.
“Сафар чоғида ЖСТ масалалари бўйича президент махсус вакилининг янги биноси, Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Давлат божхона қўмитасида бўлиш имконига эга бўлдим. Шунингдек, давлат карантин ва синов лабораторияларида бўлдим, у ерда яқинда жорий этилган янги технологиялар билан танишдим.
Бир йил давомида Ўзбекистонда Президент администрацияси қошида ЖСТ бўйича янги бўлим ташкил этилган, унда ҳукумат бўйича 40 дан ортиқ экспертлар бор. Турли идоралардаги кўплаб ёш мутахассисларга яқин келажакда ЖСТга аъзо бўлиш бўйича умумий мақсадга эришиш учун бир идорада биргаликда ишлаш имконияти берилгани мени жуда илҳомлантирди.
Бошқа идораларга ташрифларим давомида ўзбекларнинг савдо билан боғлиқ тартиб-қоидаларининг автоматлаштирилганлиги, айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва савдогарлар учун маълумотларнинг онлайн мавжудлиги, қоғозсиз муҳитни тарғиб қилиш ва барча операциялар учун электрон тўловлардан фойдаланиш имкони мавжудлигини билиб, жуда лол қолдим.
Масалан, Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлиги вакили менга ерни, тупроқни текшириш режаларини, рухсатномалар ва сертификатлар олиш тартиб-қоидаларини автоматлаштирувчи онлайн тизимини намойиш қилиб берди. Америка Қўшма Штатларидаги каби ҳам Ўзбекистон 100 дан ортиқ мамлакатлар билан савдо қилиш учун электрон фитосанитария сертификатларини тақдим этади. Ўзбекистоннинг тупроқ таҳлилини ўтказиш имконини берувчи кўчма лабораторияларини кўриш ҳам қизиқарли бўлди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида ихтиёрий синовларни амалга оширадиган миллий лабораторияга ташриф буюрдим. Ўзбекистонликлар миллий лабораториядан ташқари аккредитациядан ўтган хусусий лабораториялардан ҳам фойдаланиш имкониятига эга.
Давлат божхона қўмитасида бўлганимда унинг раҳбариятининг сўнгги бир неча йил ичида божхона режимини ислоҳ қилганидан мамнунлиги мени руҳлантирди. Улар онлайн тизимни сотиб олиш каби осон, аммо қиммат вариантни танламай, қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг ўз платформасини ишлаб чиққан IT-мутахассисларини ёллашган. Энди эса ҳукумат қўшни давлатларга ўз тизимларини модернизация қилишда ёрдам бериши мумкин.
Барча божхона тартиб-таомиллари тўлиқ автоматлаштирилган, ҳужжатлар билан декларациялар электрон шаклда расмийлаштирилади, тўловлар фақат онлайн режимда қабул қилинади. Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти автоматлаштириш коррупцияга қарши курашишда қандай ёрдам берганини таъкидлади. Мисол учун, барча товарлар бўйича қўлланиладиган тарифларни пасайтириш давом этаётганига қарамай, унинг тизимлари автоматлаштирилгандан сўнг бир йил ичида божхона йиғимларидан тушган даромад уч баравар кўпайган. Сафарим давомида мен Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида АҚШнинг изоҳлари асосида қандай аниқ ўзгаришлар қилганини кўрдим ва уларнинг бошқа тавсияларни кўриб чиқишга тайёрлигини юқори баҳоладим”, — деган Савдо вакиллиги расмийси.
Оля Лучин Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги гўштни қайта ишлаш ва паррандачилик заводларига ташрифи ҳақида маълумот берган. Бу тармоқда Ўзбекистоннинг АҚШ бозорига кириш имкониятларини таҳлил қилган.
“Элчи Тай ва АҚШ делегациясининг бошқа аъзолари Халқаро меҳнат ташкилоти инспекторлари ва жамоалар, меҳнат раҳбарлари билан учрашар экан, мен Тошкентдаги “Promeat Group Cорп” гўштни қайта ишлаш заводи ва “Эко Агро Продуcт” музлатгичли камерасига ташриф буюриш имконига эга бўлдим. Самарқанддаги энг йирик парранда гўшти ишлаб чиқарувчиси Навобод Наслли Парранда (ННП) бирлашмасида бўлдим. Ташрифимиз олдидан бирлашма эгаси элчи Тай ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан давра суҳбатида иштирок этди.
Шуниси эътиборга лойиқки, паррандачилик соҳаси ишлаб чиқарувчилари Женевада қишлоқ хўжалигини субсидиялаш бўйича муҳокамалар ҳолати ҳақида сўрашди, чунки улар ҳам ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади. Америка Қўшма Штатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда кундалик инспекция фаолиятини олиб бориш ва маҳаллий саноатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини тартибга солувчи меъёрий талабларга мувофиқлигини текшириш учун давлат инспектори мавжуд эмас. Ишлаб чиқарувчилар хусусий инспекторлар орқали хавфсизликни кафолатлайди ва ҳукумат фақат режали текшириш ёки аҳолидан шикоят бўлса, иштирок этади” , - дея муносабат билдирган Оля Лучин.
Олий вакил ўз хотиралари якунида Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ташаббуслари, Ўзбекистонда аёлларни рағбатлантириш борасидаги ҳаракатлар самарадорлиги ҳақида фикр билдирган. ЖСТ талабларига мувофиқ келувчи сўнгги ислоҳотлар Ўзбекистон учун манфаатли бўлишини изҳор қилган.
“Сафар давомида ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, ифтихори ва касбига бўлган иштиёқи мени ҳайратда қолдирди. Мен ҳатто Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиришга бўлган кучли интилиши, ўзбеклар томонидан болалар боғчалари қуриш ва сифатли болалар парвариши тизими ташкил қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида бохабар бўлиш имконига эга бўлдим, айниқса аёлларга берилаётган бундай рағбат уларни меҳнат бозорига олиб киради.
Ўзбекистонга ташрифим кутганимдан ҳам ортиқ бўлди. Умид қиламанки, Ўзбекистон ўз суръатини сақлаб қолади ва ривожлантиради ҳамда уларга ЖСТ қоидалари ва тартибларини тўлиқ татбиқ этиш ва келажакда кўп томонлама савдо ташкилотига аъзо бўлиш имконини берадиган ЖСТга мос ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда давом этади”, — дея сўзини якунлаган Ўзбекистонни ЖСТга қабул қилиш ҳайъати раиси Оля Лучин.
Изоҳ (0)