Жанубий Кореяда ярим йиллик сиёсий ларзалардан сўнг 3 июнь куни президентлик сайлови бошланди. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.

Мамлакат аҳолиси тахминан 52 миллион кишини ташкил этади. Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, тахминан 44,4 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга. 29 май куни икки кунлик муддатидан олдин овоз бериш бошланган. Унда 15 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этган. Шунингдек, 20—25 май кунлари хорижда муддатидан олдин овоз бериш бўлиб ўтган.
Кореяда президентлик сайлови собиқ раҳбар Юн Сок Ёлнинг (“Халқ кучи” партиясидан) импичменти туфайли режалаштирилганидан икки йил олдин бўлиб ўтмоқда.
Сайловдаги номзодлар
Сайлов бюллетенида бешта номзод борлигига қарамай, асосий рақобат учта номзод ўртасида бўлиши кутилмоқда. Улар ҳақида нималар маълум:
Ли Чже Мен — 61 ёшда, “Тобуро” либерал-демократик партиясидан номзод. Чунан университетида ҳуқуқ бакалаври ва Гачон университетида давлат бошқаруви магистри даражасини олган. 2010—2018 йилларда Соннам шаҳри мери, 2018—2021 йилларда Кенгидо провинциясини бошқарган. Лининг ташаббуслари орасида президентлик муддатини қайта сайланиш имконияти билан қисқартириш ва давлат раҳбарининг вето ҳуқуқини чеклаш, иш ҳафтасини қисқартириш, пенсия ёшини ошириш ва ота-оналар учун солиқ имтиёзларини жорий этиш кабилар бор.

У АҚШ ва Япония билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида, шу билан бирга, Хитой ва Россия билан муносабатларни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидламоқда.
Ким Мун Су — 73 ёшда, консерватив “Халқ кучи” партиясидан номзод. Сеул университетини Бизнес бошқаруви мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2006—2014 йилларда Кенгидо провинцияси губернатори бўлган. Унинг ташаббуслари орасида парламент аъзолари сонини 300 нафардан 270 нафарга қисқартириш ва депутатлик дахлсизлигини бекор қилиш бор. Бизнес учун қулай шароитлар яратиш ва ўрта синфга солиқ юкини камайтиришга эътибор қаратади.

Шунингдек, электр энергиясини арзонлаштириш учун атом энергетикасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. КХДРга нисбатан Ким олдиндан тийиб туриш сиёсати ва АҚШ билан ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлаш, жумладан, мамлакат ҳудудида Америка тактик ядро қуролларини жойлаштириш тарафдори.
Ли Чжун Сок — 40 ёшда, консерватив “Янги ислоҳотлар партияси” номзоди. Гарвард университетини Информатика ва иқтисодиёт мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2021 йилда у “Фуқаролик кучи” партияси раиси лавозимини эгаллаган, бироқ кейинчалик тасдиқланмаган порахўрлик гумонлари туфайли тез орада ишдан бўшатилган.

Ҳокимиятни номарказлаштириш, ҳалол рақобат ва бизнес учун маъмурий тўсиқларни камайтириш тарафдори. У Гендер тенглик ва оила вазирлиги ҳамда мамлакатдаги феминистик ташкилотлар фаолиятини танқид қилади. Ташқи сиёсатда у АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ва КХДР билан муносабатларда прагматик ёндашув тарафдори.
Ким ғалаба қозониши мумкин?
Социологлар сайловларда Ли Чже Мён ғалаба қозонишини прогноз қилмоқда. Сўнгги сўровларга кўра, уни 49,2 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватламоқчи, Ким Мун Суга эса 36,8 фоиз овоз беришмоқчи. Ли Чжун Сок 10,3 фоиз овоз олиши кутилмоқда.
Сайлов ғолиби жуда тез кўплаб жиддий муаммоларга дуч келади. Менингча, бўлажак президент аввало Трамп билан мулоқот қилишига тўғри келади ва ўз сиёсатини айнан шунга қараб юритишга умид боғлаши керак, дея прогноз қилади Сеулдаги Кёнг Хи университети ташқи сиёсат профессори Чу Чже Ву.
Жанубий Корея учун энг жиддий муаммолар — мамлакат маҳсулотлари экспортига АҚШ томонидан жорий этилган божлар ҳамда икки томонлама ҳарбий иттифоқдаги ўзгаришлар, хусусан, Американинг Кореядаги ҳарбийлари масаласидир.
Изоҳ (0)