Бир неча соат ичида 10 килога семириш ёки 20 йилга қариш мумкинми? Буни фақатгина кино визажистлари уддалай олади. Қуйида роли учун юлдузлардан қайси бири таниб бўлмас даражада ўзгаргани ҳақида маълумот берамиз.
Аня-Тейлор Жой
“Фуриоса: Телба Макс йилномалари” фильми нафақат қаҳрамонлари, балки ёрқин ўзгаришлари билан ҳам ҳайратда қолдиради. Масалан, Аня-Тейлор Жой учун грим жараёни жуда қизиқарли, аммо айни пайтда ҳаяжонли бўлган:
Сочимни калга олишларидан жуда хавотирда эдим. Аммо режиссёр бунинг иложи йўқлигини айтди, чунки қаҳрамонни ҳаётининг турли ёш босқичларида кўрсатиш керак эди.
Мазкур рол учун актриса ҳар куни 4 соат вақтини визажист курсисида ўтказади.
Жаред Лето
Актёр фильмдаги ролларига ҳамиша масъулият билан ёндашади. “Гуччи уйи” картинаси ҳам бундан мустасно эмасди. Жаред Лето ушбу лойиҳада рол ўйнаганини билмаган бўлсангиз, ажабланмаймиз. Уни таниб олиш деярли мумкин эмас. Мусиқачи дизайнер Паоло Гуччи ролини ўйнайди. Ҳатто унинг ҳамкасблари ҳам гримда Летони танимаган.
Сёмканинг биринчи кунида Ал Пачино мени танимади, шунинг учун унинг олдига бориб, “Салом” дедим. Актёр мени у билан гаплашмоқчи, дастхат олмоқчи бўлган аллақандай италиялик деб ўйлабди. Мен унга икки-уч марта яқинлашдим, кимдир ниҳоят пичирлаб: “Бу гримдаги Жаред” деган. У эса: “Ё Худойим!” деб полга ўтириб қолган, деб эслайди актёр.
Остин Батлер
Остин Батлер ҳам суратга олиш жараёнига тўлиқ шўнғиши билан танилган. Томошабинлар унинг масъулиятли ёндашувини “Дюна: иккинчи қисм” фильмида ҳам пайқашди. У ерда актёр ёвуз қаҳрамон Фейд-Раут Харконненни ўйнайди.
Шафқатсиз психопат қиличбозга айланиш учун Остин гримга 3 соат сарфлайди. Бундан ташқари, у нутқи устида ишлайди. Умуман олганда, актёр характернинг таъсирчан ва таҳдидли кўриниши учун ҳамма нарса қилади.
Колин Фаррелл
“Бетмен”нинг ёвуз қаҳрамонларидан бири — Пингвин ҳам таҳсинга лойиқ. Уни Колин Фаррелл ижро этган. Танқидчилар актёр ижросини юқори баҳолайди. Чунки визажистлар актёрни таниб бўлмас даражада ўзгартира олган.
Антагонист образини яратиш учун уларга тахминан 4 соат керак бўлган. Бора-бора бу жараён икки баравар кўп вақтни талаб қила бошлаган.
Крис Ҳемсворт
Крис Ҳемсворт ҳам узоқ ўзгаришлардан ўтишига тўғри келади. “Фуриоса: Телба Макс йилномалари”да у ёвуз Доктор Дементус ролини ўйнайди.
Актёр узоқ давом этган грим жараёни қийин бўлганини тан олади. У грим курсисида кўп вақт ўтказишни ёқтирмасди. Бироқ кейинчалик Крис бунинг ҳам ижобий томонини топади:
Мен гримёр курсисида тахминан тўрт соат ўтирдим — бундан жуда жаҳлим чиқди. Аммо бу суратга олиш майдончасида жуда кўп ёрдам берди: ич-ичимдан ғазаб пайдо бўлаверди, — дейди у.
Изоҳ (0)