Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган. Шу билан бирга, электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам харажатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс эттирилмаган. Истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган. Шу боис ҳужжат бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун билан истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, электр энергияси бозорини шакллантириш ва ривожлантириш назарда тутилмоқда.
Қонунда рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетика тармоғининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидалар белгиланмоқда.
Хусусан, қонунда инсофли рақобат, тенглик ва ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик, электр энергетикаси хавфсизлигининг устуворлиги кабилар соҳанинг асосий принциплари этиб белгиланиб, электр энергетикаси соҳасининг мақсадларига оид янги модда киритилмоқда.
Қонунда электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозор қоидалари ҳам акс эттирилмоқда. Бундан ташқари, қонунда электр энергияси бозорида трейдерлар (жисмоний ёки юридик шахслар) фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид норма киритилмоқда.
Маълум қилинишича, қонун соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишга ва бу орқали электр энергетикаси тизимининг самарали фаолият юритишига туртки берди. Электр энергетикаси корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари белгиланишига ҳамда электр энергиясини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)