Қирғизистон ҳукумати компания ва юридик шахслар номида диний сўзлардан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров матбуот хизмати хабар берди.
27 июнь куни “Қирғизистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун мамлакатнинг бир палатали парламенти — Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган эди. 23 июль куни ҳужжат президент томонидан имзоланган.
Тадбиркорлик фаолияти учун тақиқланган диний атамалар рўйхати Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Уставида фойда олишни асосий мақсад қилиб қўймаган диний нотижорат ташкилотларга ўз номларига бундай сўзларни киритишга рухсат берилади.
Фирма номларида динга оид сўзларни қўллашни тақиқлаш ташаббуси март ойида Жогорку Кенеш депутати Марлен Маматалиев томонидан илгари сурилган эди. Унинг сўзларига кўра, молиявий пирамидалар ташкилотчилари ўз лойиҳаларини янада жозибадор қилиш ва аудиторияни кенгайтириш учун кўпинча ўз номларида диний атамалардан фойдаланадилар.
Маматалиев қонун лойиҳаси молиявий фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган эҳтиёт чораси сифатида хизмат қилишини қайд этган.
Изоҳ (0)