Жорий йил I ярмида Қирғизистондан Ўзбекистонга қорамол экспорти беш баравар, қўй сотуви эса 10 баравар қисқартирилган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

2025 йил январь июнь ойларида Қирғизистон Ўзбекистонга 11 минг 227 та йирик шохли қорамол экспорт қилган. Таққослаш учун, 2024 йил мос даврида бу кўрсаткич 53 минг 429 бошни ташкил этган.
Жорий йил январь июнь ойларида Ўзбекистонга қўшни давлатдан 10 минг 270 бош қўй ва эчки экспорт қилинган бўлса, ўтган йил мос даврида мазкур рақам 112 минг 206 та бўлган. Бунда йиллик экспорт улуши қисқариши қарийб 10 баравардан ортиқ.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Қирғизистон Ўзбекистонга жами 130 минг 499 бош қорамол, 233 минг 242 бош қўй ва эчкилар экспорт қилган.
Қирғизистонда гўшт нархлари оша бошлаган. Масалан, 29 июлда 1 кило мол ёки қўй гўшти ўртача 700 сом (тахминан 100 минг сўм) атрофида сотилган. Мамлакат ҳукумати гўшт нархини назоратга олиши хабар қилинган. Расмийларга кўра, бу чора гўшт нархи кескин ошишининг олдини олиш, чорва молларининг чегарадан ноқонуний олиб чиқилишига қарши назоратни кучайтириш, чорва экспортига миқдорий чекловлар жорий этиш учун амалга оширилмоқда.
Аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, Қирғизистондан Ўзбекистонга 40 минг бош қорамол ноқонуний экспорт қилишда гумонланиб 10 киши ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат мамлакатда гўшт нархи ошишига сабаб бўлган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистонда ҳам охирги бир йилда гўшт нархи юқори даражада қимматлаётган (32,9 фоизгача ошган) маҳсулот бўлиб қолмоқда. Жорий йил июль ойи якунидаги маълумотларга кўра, республикадаги энг қиммат мол гўшти Фарғона вилоятида —109 минг 182 сўм. Вилоятнинг айрим туманларида суякли мол гўшти нархи 130–140 минг сўмгача кўтарилган.
Аввалроқ жорий йил октябрь–декабрь ойларида Ўзбекистон Мўғулистондан жами 100 минг бош қўй ва эчки импорт қилиши билдирилган.
Изоҳ (0)