Ўзбекистонни биринчи президент Ислом Каримов бошқарган йилларда инфляция 5 фоиз, аҳоли реал даромадлари ўсиши 30–40 фоиз кўрсатилган. Бу ҳақда иқтисодчи Юлий Юсупов фикр билдирди.

Юлий Юсуповнинг айтишича, узоқ йиллар давомида мамлакат статистикаси реалликдан узиб қўйилган. Фақатгина чиройли кўрсаткичлар “чизиш” билан шуғулланилган.
“Бизда узоқ йиллар давомида Давлат статистика қўмитаси ҳақиқий инфляциядан беш баравар кам инфляцияни кўрсатган. Ҳисоб-китоб қилсангиз, Каримов даврида реал даромадлар йилига 30–40 фоизга ўсган бўлиб чиқади. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳам жуда яхши ўсган, аммо даромадлар ундан ҳам кўпроқ ошган. Чунки ЯИМ бир кўрсаткич — дефлятор бўйича қайта ҳисобланган, даромадларни эса бошқа кўрсаткич — инфляция бўйича қайта ҳисоблаш керак эди. Дефляторни ҳеч ким билмасди. Уни атайлаб чиройли иқтисодий ўсишни кўрсатиш учун ‘ясашган’. Инфляцияни эса шунчаки чиройли қилиб қўйишган. Яъни айтайлик, сизда инфляция 40 фоиз бўлса-да, 7 фоиз деб ёзилган. Бундай маълумотларнинг асосий истеъмолчиси марҳум президентимиз эди. Унга чиройли кўрсаткичлар ёқарди. Айтганча, ўзи ҳам уларга ишонарди. Унинг учун иқтисодий ўсиш ва паст инфляция кўрсаткичлари яратиларди”, деди иқтисодчи.
Юлий Юсупов фикрича, агар ўша даврдаги иқтисодий рақамларга ишонилса, ҳозиргача Ўзбекистон Жанубий Кореядан ҳам ўзиб кетиши мумкин эди.
“Фақат ақлдан озган одамгина ўзининг миллий статистикасини бузиб кўрсатади. Чунки агар сиз ўз статисткангизни бузиб кўрсацангиз, ҳақиқий манзарани кўрмайсиз ва уни самарали бошқара олмайсиз. Ислом Абдуғаниевич бизда йилига 8–9 фоиз иқтисодий ўсиш борлигига, инфляция 5 фоиз эканига қаттиқ ишонган. Шунга асосланиб қарор қабул қиларди. Агар бунга ишонилса, унда умуман ҳеч нарса қилишнинг ҳожати йўқ эди. Бизда ҳамма нарса жуда ажойиб бўлиб қоларди. Агар реал даромадларингиз бу инфляция кўрсаткичи билан йилига 30–40 фоизга ўсаётган бўлса, албатта, биз аллақачон Жанубий Кореяни қувиб ўтган бўлардик”, деди таҳлилчи.
Аввалроқ иқтисодчи Отабек Бакиров Собиқ Совет маконида эркин бозор нархларига ўтиш энг кеч Ўзбекистонда юз берганини тилга олганди.
Изоҳ (0)