Бундан тўрт йил аввал Ўзбекистон президентининг давлат бошқаруви тизимида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтиришга қаратилган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.

Фармонга биноан барча давлат органлари, жумладан Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари томонидан жамоатчиликка очиқланиши шарт бўлган 40 турдаги маълумотлар рўйхати тасдиқланган. Шундан 18 турдаги маълумотлар ҳар чорак ёки йиллик якунлар бўйича давлат органларининг расмий веб-сайтларида ва Очиқ маълумотлар порталидан жой олиши лозим эди.
“Дарё” ушбу фармон ижроси давлат бюджетининг самарали сарфланишини назорат қилишга масъул бўлган Ҳисоб палатаси томонидан қандай бажарилаётганига эътибор қаратди.

Ўтказилган ўрганишлар давомида Ҳисоб палатаси очиқлик тамойилларига нисбатан бепарволик билан муносабатда бўлаётгани аниқланди.
Сайт деярли янгиланмайди
Ташкилот веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналларни топиш жуда қийин бўлди. Аниқланишича, палата сайти https://ach.gov.уз/ манзилида фаолият юритаётган экан.
Сайт билан танишиб чиқиш давомида ахборотлар жуда кам янгиланиши аниқланди. Масалан, хабарлар рукнидаги сўнгги янгилик 12 август санасида жойлаштирилган. Ундан аввалги хабарлар эса 4 август ва 31 июль кунлари чоп этилган. Ҳар бир янгиланиш орасида 5–8 кун, айрим ҳолларда эса ўн кундан ортиқ танаффус кузатилади. Бу эса фуқароларнинг давлат органи фаолиятидан хабардор бўлиш имкониятини чеклайди.
Очиқ маълумотлар – фақат 1 чорак билан чекланган
Очиқ маълумотлар бўлимида фақат 2025 йилнинг биринчи чорагига оид маълумотлар — иш режа, бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилган харажатлар, сарфланган маблағлар, шартномалар ва қабул қилинган товарлар ҳамда хизматларга оид маълумотлар жойлаштирилган. Аммо 2-чоракка оид маълумотлар, шунингдек, 2024 йил ва ундан олдинги йилларга оид очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Бу эса фармон талаблари бажарилмаётганлигидан дарак беради.

Давлат харидлари бўйича шаффофлик етишмайди
Сайтда давлат харидлари ҳақида маълумотлар берилган бўлса-да, уларнинг қандай тартибда амалга оширилгани, харид комиссия таркиби, унинг аъзолари ва ички тартиб-таомилларни белгиловчи ҳужжатлар эълон қилинмаган. Шунингдек, давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳисобига режалаштирилган харидлар 6 ой олдин эълон қилиниши керак бўлса-да, амалда бу талаб бажарилмаганини кўриш мумкин. Қонунчиликка кўра, ушбу маълумотлар ҳам очиқ бўлиши шарт. Бу эса давлат харидларида шаффофлик ва рақобат муҳитини таъминлашга жиддий тўсиқ бўлади. Шунингдек, харид жараёнларида потенциал манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хавфини ошириши мумкин.
Қолган маълумотлар-чи?
Мажбурий этиб белгиланган бошқа муҳим маълумотлар ҳам веб-сайтда мавжуд эмас. Жумладан, ташкилот тасарруфидаги хизмат автомототранспортлари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар ҳақидаги, Жамоатчилик кенгаши, фуқароларнинг мурожаатлари натижалари ва мурожаат каналлари ҳақидаги ахборотларнинг топишнинг иложи бўлмади.
Жамоатчилик, айниқса иш изловчилар учун қизиқ бўлган ташкилотдаги бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар ҳам жойлаштирилмаган.
Фармоннинг 2-бандига кўра, барча давлат органлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолияти бўйича ҳисобот тайёрлаб, расмий сайтга жойлаштириши, 10 мартга қадар эса ҳисобот муҳокамаси ўтказиладиган жой ва вақт ҳақида жамоатчиликка хабар бериши шарт. Шунингдек, 1 апрелга қадар матбуот анжумани ташкил этилиши лозим. Ҳисоб палатаси бу талабни ҳам бажармаган.

Сайт янгиланмоқда
Мақолани тайёрлаш жараёнида Ҳисоб палатасидан изоҳ олиш учун ташкилот ахборот хизматини изладик. Аммо бу жой анча вақтдан буён вакант экани маълум бўлди. Палатанинг халқаро алоқалар бўлими бош инспектори Сардор Усмановнинг айтишича, ташкилотнинг расмий сайти тубдан янгиланмоқда. Эски сайт ёпилган ва ундаги маълумотлар янгисига кўчирилмоқда.
“Сайт ҳали якуний кўринишда эмас. Бир ҳафта-ўн кун ичида тўлиқ ишга тушириб, яхлит шаклга олиб келамиз. Шундан сўнг ҳар қандай саволга жавоб бера оламиз”, деди Усманов.
Очиқлик ва шаффофлик — давлат идоралари учун ихтиёрий эмас, балки мажбурий мезон ҳисобланади. Давлат маблағи сарфланиши, харидлар тартиби, кадрлар сиёсати ва фуқаролар мурожаатлари ҳақидаги маълумотларни яшириш жамоатчилик ишончини йўқотиши билан бирга, коррупция хавфини ҳам оширади.
Изоҳ (0)