“Терминатор” фильми режиссёри Жеймс Кемерон деярли 40 йил олдин ўйлаб топган мавзусига — машиналар қўзғолонига яна қайтди. Режиссёр Rolling Stone нашрига берган интервьюсида агар сунъий интеллект қурол-яроғ тизимлари, жумладан ядровий қуроллар билан бирлаштирилса, унинг фильмидаги Қиёмат куни сценарийси ҳақиқий ҳаётда рўй бериши мумкинлигини тан олди.

“Хавф ҳамон мавжуд”
Кемероннинг тушунтиришича, жанг майдонида қарорларни сониянинг улушида қабул қилиш керак бўлади ва бу мусобақада ўта ақлли тизимлар устунликка эга. Ҳатто роботлар устидан назорат инсон қўлида қолса ҳам, хатолар юз бериши мумкин - тарих аллақачон дунё ядро уруши ёқасида турган ҳолатларни билади.
“Менимча, “Терминатор” услубидаги қиёмат хавфи ҳамон мавжуд. Эҳтимол, биз донишмандлик қилиб, инсонни жараёнда қолдирармиз. Бироқ одамлар хато қилади”, дея таъкидлади режиссёр.
Кемероннинг фикрича, инсоният ҳозирда уч экзистенсиал хавф олдида турибди: иқлим инқирози, ядро қуроли ва супер интеллект. Қизиғи шундаки, режиссёр айнан сунъий интеллектни нафақат таҳдид, балки мумкин бўлган ечим сифатида ҳам таърифлайди.

“Эҳтимол, супер интеллект бунинг ечими бўлиши мумкин. Мен буни башорат қилмаяпман, аммо шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас”.
Бу “Терминатор 7” учун нимани англатади?
Кемерон янги қисм сценарийсини ёзишга киришган. Унинг сўзлари еттинчи фильмда “Скайнет апокалипсиси” кутилмаган бурилиш олиши мумкинлигини англатади: хавф машиналардан эмас, балки технологиядан ўйламасдан фойдаланадиган инсонларнинг ўзларидан келиб чиқиши мумкин.
Замонавий воқелик Кемеронга “Терминатор 7”ни шунчаки келажак ҳақидаги жангари фильм эмас, балки ҳозирги кунимизга жуда яқин, ваҳимали тарихга айлантириш имконини беради — сунъий интеллект аллақачон ҳаётимизга шундай тезлик билан кириб келмоқдаки, биз уни назорат қилиш учун қонунлар ишлаб чиқишга улгурмаяпмиз.
Изоҳ (0)