Ўзбекистонда мансабдорлар ҳаракати сабаб етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича қонун лойиҳаси 19 август куни депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарар ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланмоқда.
Яъни лойиҳага кўра, жисмоний ёки юридик шахсга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрнини қоплашда ягона амалиёт йўлга қўйилиб, етказилган зарар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий компенсация жамғармаларидан қопланади. Кейинчалик айбдор шахсдан тегишли давлат органи орқали регресс тартибида ундириб олинади.
Қонун лойиҳаси 17 июнь куни биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланганди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан кўтарилган масалалар, таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, янада такомиллаштирилди. Айрим нормалардаги номувофиқликлар бартараф этилиб, асосий тушунчалар юридик техник жиҳатдан таҳририй қайта кўриб чиқилди ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда қайд этилишича, ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишни назарда тутади.
Изоҳ (0)