Тошкентда офис қоровули ойлигини оширишини талаб қилиб, бошлиғига болта билан тан жароҳати етказиш билан қўрқитди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 июль куни соат 17:32 да Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасига Яшнобод туманидаги қўриқда бўлган офисдан ташвиш хабари тушган. Хабар асосида тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимлари воқеа жойига бориб ҳолатни ўрганишганда, ушбу офисда қоровул бўлиб ишловчи фуқаро М.М. директордан маошини оширишни талаб қилиб, болта билан жароҳат етказишни айтиб қўрқитмоқчи бўлган.
Ходимларнинг фуқаро М.М.га, қонунчилик бўйича жавобгарлик тўғрисидаги тушунтиришлари натижасида болта ва фуқаронинг олдида бўлган сумка ичидаги пичоқ олиб қўйилган.
Ҳолат бўйича ходимлар томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ашёвий далиллар билан кўриб чиқиш учун суд органларига жўнатилган.
Изоҳ (0)