Исроил ва Эрон ўртасида 12 кун давом этган қуролли тўқнашув ҳар икки томон учун харажатларнинг кескин ошишига сабаб бўлди. Мамлакатларнинг ҳеч бири сарфланган харажатларни расман эълон қилмаган, аммо мавжуд маълумотлар зарар кўламини тахминан баҳолаш имконини беради.

Исроил харажатлари
Яҳудий давлатининг кунлик ҳарбий харажатлари жанговар ҳаракатлар шиддатига қараб 800 миллион доллардан ошади. Фаол операцияларнинг дастлабки икки кунида тахминан 1,45 миллиард доллар сарфланган, деб ёзади The Wall Street Journal (WSJ) нашри.
Энг катта харажат Эрон томонидан учирилган ракеталарни тутиб олишга кетган. Масалан, Давидъс Слинг ва Arrow 3 каби ҳаво мудофааси тизимларининг ҳар бир ракетаси Исроилга 700 минг доллар атрофида тушади. Айрим кунларда биргина ҳаво мудофаасига 200 миллион долларгача маблағ сарфлаган.
Шунингдек, Ф-35 қирувчи самолётлари томонидан амалга оширилган узоқ масофали (1300 км дан ортиқ) жанговар парвозлар ҳам харажатларга олиб келган. Ҳар бир самолётнинг бир соатлик парвози тахминан 10 минг доллар туради. Бунда бошқарилувчи ўқ-дорилар нархи ҳисобга олинмаган.
Агар Исроил сулҳни бекор қилиб, можарони давом эттирса, Исроилнинг бир ойлик ҳарбий харажатлари 12 миллиард долларга етиши мумкин, дейди Аарондаги Иқтисодий сиёсат институти.

Қўшимча иқтисодий зарар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ҳайфада жойлашган энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи вақтинча ёпилди
- Бен-Гурион халқаро аэропорти фаолияти тўхтатилди
- Қурилиш ишлари тўхтатилди, инфратузилмаларга зарар етди
Исроил Солиқ бошқармаси маълумотига кўра, 1,2 миллиард доллардан ортиқ мулкий зарар учун 35 мингдан зиёд ариза келиб тушган ва уларнинг сони ортишда давом этмоқда. Тахминан 9 минг фуқаро ўз уйларидан эвакуация қилинган.
Эроннинг харажатлари
Эрон ҳам, расмий рақамлар йўқлигига қарамай, миллиардлаб долларлик катта йўқотишларга учради. Шундоқ ҳам оғир санкциялар босими остида бўлган мамлакат иқтисодиёти қўшимча босимни бошдан кечирмоқда.

Исроил разведкаси ҳисоб-китобларига кўра, Shehab ёки Сежжил типидаги битта ўрта масофали ракетани учириш тахминан 5-6 миллион долларга тушади. Урушнинг атиги бир ҳафтаси ичида Эрон 370 та шундай ракетани учирган, яъни биргина ўрта масофали ракеталар учун деярли 2 миллиард доллар сарфланган.
Яҳудий давлати ва АҚШ ҳужуми оқибатида Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги асосий ядровий объектларга зарар етган. Фордо мажмуаси Американинг ГБУ-57 тешиб ўтувчи бомбалари билан кучли зарбага учраган. Ер ости инфратузилмаси ва центрифугалар шикастланган. Мутахассислар бу жойдаги зарар “жуда катта” дея баҳоламоқда, лекин объектнинг чуқур жойлашгани сабабли аниқ миқдорни аниқлаш қийин.

Бир дона ИР-1 русумли Эрон центрифугасининг нархи 50 минг доллардан ошади. Янги ва самарадор ИР-2м, ИР-4, ИР-5, ИР-6 моделлари эса технологик мураккаблиги сабабли 100 000 доллар ёки ундан ҳам қимматроқ туради.
Исроил ҳужуми бошланишидан олдин Натанздаги заводда уранни 60 фоизгача бойитадиган қарийб 50 мингта ИР-4 ва ИР-6 илғор центрифугалари ишлаб турган. Исроил ва Америка зарбалари объектни ва у ердаги барча центрифугаларни бутунлай йўқ қилиши мумкин эди. Шу тариқа Натанздаги битта объектга етказилган зарар 5 миллиард доллардан ошиб кетиши эҳтимоли бор.
Эрон ҳужумлардан кейинги иқтисодий йўқотишлар
Эрон ядро объектларига қилинган ҳужумлар нафақат миллиардлаб долларлик мураккаб инфратузилмани қайта тиклаш заруратини юзага келтирди, балки мамлакатнинг операцион салоҳиятига ҳам катта зарба берди. Центрифугалар, уранни бойитиш тизимлари ва хавфсизликка олинган иншоотларни тиклаш — узоқ вақт, катта маблағ ва юқори техник экспертиза талаб қилади.
Шу билан бирга, эвакуация, ядровий материалларни ташиш, қўриқлашни кучайтириш ва суғурта хавфини ошириш учун қўшимча харажатлар юзага келади. Эрон томони расмий молиявий ҳисоб-китобларни тақдим этмаган бўлса-да, халқаро экспертларнинг умумий фикрига кўра, зарар ниҳоятда жиддий ва уни бартараф этиш учун катта миқдорда маблағ сарфланиши лозим.
Изоҳ (0)