Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов бу йил муборак 60 ёшни қарши олди. Рақсбоп қўшиқлари билан мухлислар кўнглини забт этган, кўплаб миш-мишлар нишонига айланган. Бу ўз навбатида шахсий ҳаётига ҳам салбий таъсир этган.
Равшан Комилов 1964 йил 26 октябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У оилада тўнғич фарзанд бўлиб, оиласида санъаткорлар бўлмаган.
“Онам сабаб санъатга қизиқдим”
— Болаликда ўйинқароқ ва жуда шўх бола бўлганман. Ота-онам давлат ишида ишласа ҳам, якшанба куни деҳқончилик билан шуғулланардик. Дадам раҳматли “Меҳнат қилсанг, кам бўлмайсан”, деб кўп айтарди.
Учинчи синфда ўқиган кезларим пойтахтимиздаги 39-мактабда ўтказилган тадбирда ашулалар айтиб, йиғилганлар олқишига сазовор бўлганим худди кечагидек ёдимда. Сўнг ота-онам мени санъатга шайдолигим, қизиқишимга кўра Сергели туманидаги 32-мусиқа мактабининг қашқар рубоби, кейинроқ фортепиано бўлимига ўқишга олиб боришган.
Шундай вазият ҳам бўлганки, бирдан мусиқага қизиқмай қолганман. Ҳар куни рубобни кўтариб, ўқишга кетяпман дердим-у, стадионга бориб, тўп тепардим. Сўнг кечга яқин чангга беланган рубоб билан уйга қайтардим. Бу ҳол бир ойга яқин давом этган. Онам билиб қолганидан кейин дакки бериб, ўзи мен билан бориб устозлардан узр сўраган. Агар ўшанда онам мажбурламаганда, санъатни давом эттирмаслигим аниқ эди, дейди хонанда.
“Халқлар дўстлиги”нинг қурилишида қатнашганман
Равшан Комилов “Халқлар дўстлиги” санъат саройи қурилишида иштирок этгани ва кун келиб ўша ерда концерт беришни ният қилгани ҳақида сўзлаб берди.
— 1980 йили мактабни тамомлаб, Тошкент маданият техникумида ўқишга кирдим. Ушбу билим юртида ўқиб юрган вақтларим бир воқеа хотирамда муҳрланган. Тошкентда муҳташам “Халқлар дўстлиги” санъат саройи қурилар экан дейишганда биз ҳам ёрдамга келганмиз. Сарой зиналари учун мармар ташир эканмиз, биз ҳам мана шу саройда концерт берармиканмиз, деб орзу қилгандик.
Болалигимда бувим раҳматли “Фалон куни дугоналарим келишади, концертга тайёрланинг”, дерди. Аслида бувим ҳазиллашиб гапирарди, аммо мен буни чин деб билиб, камида тўртта янги қўшиқ ўрганардим. Бувимнинг дугоналари ҳам қўшиғимни эшитиб олқишлашарди ва мен ҳам ўзимни худди концерт бергандек ҳис қилардим, дейди хонанда Равшан Комилов.
“Курсдошимга уйланганман”
Хонанда ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетида ўқигани ва курсдоши билан оила қургани ҳақида сўзлаб берди.
— Армияга бориб келгандан кейин Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетига ўқишга кирганман. Биринчи курсда “Камолот” кўрик танловида иштирок этиб, “Одам бўлайлик” қўшиғи билан ғолибликни қўлга киритганман. Ёлғиз ўғил бўлганим учун онам қачон уйланасан, деб қўймасди. Шунда курсдошим билан оила қуришга қарор қилганман. У дипломли мусиқа ўқитувчиси бўлгани учун ҳам ўғлим иккимизнинг энг биринчи танқидчимиз, дейди хонанда Равшан Комилов.
“Мавлуда Асалхўжаева сабаб уйда жанжал”
Равшан Комиловнинг Мавлуда Асалхўжаева билан ижро этган “Ойим билмасин” қўшиғи икки хонандага ҳам омад келтирган. Аммо қўшиқ билан боғлиқ миш-мишлар Равшан Комиловнинг турмуш ўртоғига ёқмаган.
— Бу қўшиқ сабаб анча вақтгача уйимда жанжал бўлган. Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон дейишганидек, қўшиқ чиққанидан кейин халқ орасида ҳар хил миш-мишлар тарқалган. Тўйдан келсам, доим уйда бир гап чиқиб турарди. Ундан кейин “Ҳеч ким билмасин” деган дуэтни айтдик. Қўшиқ одамларга ёқади, аммо негадир бизни бир-бирини севади, деб ҳисоблашарди. Аёлим табиатан рашкчи бўлгани учун дуэтдошлар борасида жуда кўп зиддиятларга борганмиз, дейди хонанда Равшан Комилов.
“Уйимга пичоқ кўтариб келишган”
Хонанда “Озодани севаман” қўшиғини ижро этганидан кейин уйига пичоқ кўтариб келишгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.
— “Озодани севаман” қўшиғи тасодифан яратилган. Ҳамкасблар билан Юлдуз Усмонованинг концерт дастурини томоша қилгани борганмиз. Ўшанда Юлдуз Усмонова шоир Муҳаммад Юсуфни саҳнага таклиф қилган ва шеър ўқиб беришини сўраган. Ўшанда Муҳаммад ака “Озодани севаман” шеърини ўқиган. Қўшиқ барчага ёққан, қий-чув бўлганидан кейин “Шу шеърни қўшиқ қиламан”, деганман. Хуллас, шоирнинг розилиги билан қўшиқ яратилган ва қисқа вақтда машҳурликка эришган. Аммо бу қўшиқ ҳам аёлимга ёқмаган “Энди Озодаси ким бўлди?” деган. Бир куни уйга бир аёл ва эркак сўраб келди. Тўйга айтишмоқчидир деб чиқсам, эркак менга пичоқ ўқталиб келди. “Нима бўлди, тинчликми?” десам “Озодани қаердан танийсан?” дейди. Кейин билсам унинг турмуш ўртоғининг исми Озода, унинг бир ўғил ва қиз фарзанди бор экан. Хуллас, гап билан тушунтириб бўлмаганидан кейин Муҳаммад Юсуфнинг китобини олиб чиқиб, ичидаги шу шеърни кўрсатиб қутулгандим. Бундай воқеалар жуда кўп бўлган. Озодага аталган қўшиқ сабаб кўп калтак бошимда синган, дейди хонанда Равшан Комилов.
“Аҳмадбой билан учрашганман”
Равшан Комилов халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган “тадбиркор” билан яқин бўлгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.
— Яширмайман, Аҳмадбой билан учрашганман. У ҳамкорликда ишлашни таклиф қилган. Аммо сотилган машиналарнинг пулини бўлиб-бўлиб бераман, деган. Оз бўлса ҳам, нақди асал деб рози бўлмаганман. Бир неча йиллик тадбиркорман, насияга қилинган савдонинг оқибати у қадар яхши бўлмаслигини яхши биламан. Кейин у бошқа хонандалар сингари мени ҳам тўйига таклиф қилган. Ўшанда бир нечта шароити оғир бўлган болаларнинг ҳам суннат тўйларини ўтказганди. Мен ҳам эл қатори хизматга бориб, ҳаққимни олганман, дейди Равшан Комилов.
“Бизнесни яхши тушунаман”
Равшан Комилов хонандаликдан ташқари, тадбиркорлик билан ҳам шуғулланади.
— Тадбиркорликни бошлаганимга анча йиллар бўлди. Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз. 60-70 ёшда ҳам тўйга айтишармикан, деб ўтирмайсиз-ку. Шу боис бир нечта кўчмас мулк харид қилиб, ижара шартномаси асосида одамларга фойдаланишга берганман. Бизнесни яхши тушунаман, дейди Равшан Комилов.
“Равшаннинг пули йўқми?”
Равшан Комилов отаси ва синглисининг бевақт ўлимидан кейин руҳий тушкунликка тушгани ҳақида сўзлаб берди.
— Отам раҳматли оғир касалликдан вафот этган. У касаллик сабаб қаттиқ қийналган. Бир куни аёлимга “Равшаннинг пули йўқми, нега мени даволатмаяпти?”, деган экан. Шу гапни эшитиб, ич-ичимдан йиғлаганман. Чунки отамни жуда кўп шифокорларга олиб борганман. Ҳеч бир муолажадан фойда бўлмаган. Отам ўлганидан кейин кўп вақт ўтмай синглимда ҳам бу касаллик аниқланди. Онамга бу ҳақда айтмадик. Синглимни икки ярим йилдан зиёд даволатдик. Ҳатто уни хорижга олиб бориб, операция ҳам қилдирдик. Ҳеч биридан фойда бўлгани йўқ. Икки яқинимдан айрилганимдан кейин руҳий тушкунликка тушиб қолдим. Анча вақтгача омманинг эътиборидан четда юрдим, дейди хонанда Равшан Комилов.
“Х-Фактор”да иштирок этиш менинг танловим эмас
Хонанда ҳакам сифатида иштирок этган “Х-Фактор” кўрсатуви кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижодкор кўрсатувга таклиф этилиши ва у ерда иштирокчилар ҳақида қуйидагиларни гапирди.
— “Х-Фактор”ни Ўзбекистонда илк марта ташкил этиб, у ўтказилган 47-давлат сифатида рўйхатга олинди. Яъни биздан аввал у дунёнинг 47 та давлатида ўтказилган ва юқори натижаларга эришган. Ҳакамлар ҳайъатини танлаш бизнинг ихтиёримизда бўлмаган. Яъни келишувга кўра, бир қанча ўзбекистонлик ижодкорлар рўйхати берилган ва кимлар ҳайъат аъзоси бўлишини танлаб беришган. Англиядан ташриф буюрган кўрсатув муаллифлари биз билан суҳбатда бўлиб, шартномаларга қўл қўйдирди. Кўрсатув кенг масштабда суратга олингани учун гастрол ва тўй-ҳашамларни бир четга суриб, сёмкаларга жиддий қараш кераклигини тайинлашди.
Кўрсатувда иштирок этганларнинг кўпчилиги ҳали жуда ёш, халқнинг назарига тушган ижодкорлар уларга дўстона муносабатда бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ҳар қандай фикрини чиройли тушунтириб бериши, танбеҳ ва камситишлар билан бўлиши керакмас, дейди хонанда.
Равшан Комиловнинг тўрт нафар фарзанди бор. Нозима ва Дурдона исмли қизлари уй бекаси. Тўнғич ўғли Фаррух эса отасининг изидан бориб, хонандалик билан шуғулланади. Кенжа ўғли Фарҳод эса отасига тадбиркорлик ишларида кўмаклашади.
Изоҳ (0)