Ўзбекистонга совуқ ҳаво массаси тўлиқ кириб келган. Бу ҳақда “Ўзгидромет” бўлим бошлиғи Ҳумоюн Мағрипов маълум қилди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман
Мутахассиснинг айтишича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳаво жуда совиб кетаркан, деган гаплар нотўғри.
“Чунки шимолий ва жанубий ҳудудлар орасида катта тафовутлар мавжуд. Ҳарорат -20 даражага тушиб кетаркан, деган гаплар фақатгина Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари, яъни Қорақалпоғистон, Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида кузатилиши мумкин. Совуқ ҳаво массаси Ўзбекистонга деярли тўлиқ кириб келиб бўлган”, — деди мутахассис.
Ҳумоюн Мағриповнинг таъкидлашича, айни пайтдаги совуқ ҳарорат аномал даражада эмас.
“Аномал совуқнинг ўз таърифи бор. Бу ўртача кунлик ҳароратдан 7 даража паст ҳарорат кузатилса ва бу ҳолат кетма-кет 5 кун давом эца, аномал совуқ деб аталади. Ҳозир эса ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Бу аномал совуқ эмас, оддий қиш фасли”, — деди у.
Аввалроқ декабрь ойи илиқ бўлиши ва қиш илиқ келиши деганда қандай об-ҳаво тушунилиши айтилганди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда охирги 50 йилдаги энг совуқ декабрь ойи ҳақида маълумот берилган.
Изоҳ (0)