Москвада адвокат Елена Пономарева ҳужумга учради. 6 июль куни тушдан кейин Рубльэвский шоссесидаги жамоат транспорти бекатларидан бирида номаълум ҳужумчи унга “зелёнка” сепиб, калтаклаган.
“Ҳужум оқибатида адвокат тан жароҳати олди, кўзининг тўр пардаси шикастланди”, — дейилади Москва вилояти Адвокатлар палатаси хабарида. Пономарева ушбу палата аъзоси.
Хабарда айтилишича, аввал ҳам Пономаревага бир нечта ҳужумлар уюштирилган, у давлат ҳимоясида эди. Хусусан, Москва вилояти адвокатлар палатаси олдида Пономареванинг машинасига бўёқ сепиб кетишган, унинг ўзига мессенжерлар орқали қариндошлари, мол-мулки ва итининг фотосуратлари билан таҳдидлар юборилган. Пономарева ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган, аммо Адвокатлар палатаси таъкидлаганидек, “бу иш бермаган, айбдорлар аниқланмаган”.
Қайд этилишича, Пономарева ҳужумни ўзи кўриб чиқаётган иш билан боғлаган. Адвокатлар палатаси кенгаши Россия Тергов қўмитаси раҳбариятига адвокатга қилинган ҳужумлар юзасидан тергов ташкил этиш талаби билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
4 июль куни “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немов Чеченистонда ҳужумга учраган эди. Уларни тепкилашган, юзига уришган, бошига қурол ўқталиб, ўлим билан қўрқитишган. Милашинанинг бармоқлари синган, юзига “зелёнка” сепилган.
Изоҳ (0)