“Тошшаҳартрансхизмат” Хитойдан 800 та автобус олиб келиниши ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 дона 18 метрли ва 500 дона 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда 300 дона 12 метрли электробуслар харид қилиш белгиланган.
Ҳозирда Хитойнинг Yutong Bus Cо Ltd компанияси ва “Тошшаҳартрансхизмат” ўртасида тузилган шартномага асосан, Хитойнинг Yutong Bus Cо Ltd компанияси томонидан, 2023 йилнинг март май ойларида 12 метрли 500 дона Yutong русумли автобусларни ва 12 метрли 300 дона Yutong русумли электробуслар ишлаб чиқариш ишлари бошланган бўлиб, 2023 йилнинг март ойи якунига қадар ушбу автобусларнинг 1-партияси, яъни, 110 дона автобус ва 150 дона электробуслар Ўзбекистонга етказиб берилиши кутилмоқда.
“Шу ўринда барча миллий ОАВ, журналист ва блогерлардан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини ва ҳар қандай хабар, янгиликларни давлат корхоналарининг, шу жумладан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг мутасадди ходимлари ёки ахборот хизмати орқали тақдим этилган, асосланган маълумотларни эълон қилишларини сўраймиз”, — дейилади хабарда.