Президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида ўтказилган брифингда президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафтадаги иш графики ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Шерзод Асадовнинг айтишича, бошланган ҳафтада давлат раҳбарининг иш жадвали аввалги ҳафтадагидек ҳам ички, ҳам ташқи сиёсий масалаларда қатор тадбир, учрашув ва ташрифлар ўрин олган.
«11-октябр куни давлат раҳбари мамлакатимизга ташриф билан келган Татарстон Республикаси раҳбари Рустам Миннихановни қабул қиладилар. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни янги мазмун ва аниқ лойиҳалар билан янада ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги қўшма дастурларни янада жадаллаштириш масалаларининг муҳокамаси кўзда тутилган», — дейди Шерзод Асадов.
Шунингдек, 12-14-октябр кунлари президент Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда «Марказий Осиё – Россия» саммитида иштирок этиш учун Қозоғистонга ташриф буюради.
Ташриф кун тартибида хорижий давлатлар, шу жумладан, Вьетнам Социалистик Республикаси Вице-президенти Во Тхи Ан Суан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари ҳафта давомида президентнинг мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ривожига бағишланаган қатор муҳокамаларни ўтказишлари режалаштирилган.