Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тизим ташкилотлари ва ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритаётган акциядорлик жамиятларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан танқидий йиғилиш ўтказди.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда биринчи навбатда соҳа объектларини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврига тўлиқ тайёрлаш, истеъмолчиларни энергия ресусрлари билан барқарор таъминлаш ишларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди. Биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини таъмирлашда амалга оширилган ишларга қарамай, таъминотда узилишлар кузатилаётгани, бунинг натижасида истеъмолчилар ҳақли эътирозлари юзага келаётгани қайд этилди.
Шу сабабли истеъмолчиларга электр энергиясини барқарор етказиб бериш мақсадида 2022 йил якунига қадар 11 та магистрал подстанция модернизация қилиниб, уларнинг қувватини 1 616 МВАга, янги ишлаб чиқариш қувватларини эса 1 515 МВтга ошириш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Куз-қиш даврида республика истеъмолчиларига жами 34 миллиард 918 миллион киловатт-соат (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 миллиард 540 миллион киловатт-соатга кўп) электр энергияси етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Мавсум давомида аҳолига 10 млрд 938 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади.
Республиканинг олис ҳудудларида совуқ кунлари газ босимининг пасайиб кетиш ҳоллари кузатилганлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Куз-қиш даврини беталафот ўтказиш мақсадида ҳудудий газ таъминоти корхоналарида 244 та, электр тармоқлари корхоналарида 439 та аварияга қарши бригада ташкил этилиши ва уларни носозликларни тиклаш захиралари билан таъминлаш ишларини жорий йилнинг 10 октябригача тўлиқ якунлаш белгилаб берилди.
Куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Шундан 10,4 миллиард куб метр ҳажмда аҳоли истеъмолчиларига ва 20,2 миллиард куб метри иқтисодиёт тармоқларига етказилади.
Аҳоли истеъмолчиларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар 12,7 минг дона қўшимча маиший газ баллони етказиб бериш лозимлиги белгиланди. Олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ (овул)ларда кўмир, суюлтирилган газ захирасини яратишда 447 та маҳалла (овул) фуқаролар йиғинидаги 168 мингдан зиёд хонадонга 10 693 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Қиш мавсумида ижтимоий тармоқларда кўмир таъминоти бўйича аҳолининг норозилиги учраб туриши, айниқса етказиб берилаётган кўмирнинг сифат даражаси пастлиги танқид қилинди. Шу мақсадда кўмир маҳсулотининг сифатига алоҳида эътибор бериш лозимлиги, истеъмолчиларга маҳсулотни сақлаш қоидалари ва фойдаланиш юзасидан кўрилиши керак бўлган чораларни тушунтириш лозимлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)