Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 71-сессиясида пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
«Давлетовуз» Telegram-каналининг ёзишича, айрим кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 50 километргача чекланади. Булар жумласига Алишер Навоий, Махтумқули, Амир Темур, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларининг бир қисми ва Амир Темур хиёбони айланма йўли киради.
Модомики, ушбу чора ўз самарасини берса, келажакда шаҳардаги барча кўчаларда тезлик пасайтирилади.
Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 70-сессиясида шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан Амир Темур, Фарғона йўли, Шота Руставели, Янги Сергели, Бобур ва Бунёдкор кўчаларида транспорт воситаларининг юқори тезлигини 60 километргача чеклаш масаласи киритилганди.
Депутатлар масалани янада чуқур ва атрофлича ўрганиш, зарур бўлса, тезликни янада камайтириш мақсадида бу ишга тегишли мутахассисларни ҳам жалб этиш таклифини билдирганди. Шундан кейин доимий комиссия ва ИИББ ЙҲХБ томонидан Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш мақсадга мувофиқ деб топилди.