Жаҳон Метеорология Ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, сув танқислиги, қурғоқчилик ва ҳалокатли тошқинлар Африка иқтисодиёти ва экотизимига тузатиб бўлмайдиган зарар етказмоқда. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Африканинг иқлим ҳолати, экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва иқлим ўзгариши инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга путур етказади.
Африка глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг атиги 2-3 фоизини ташкил қилади, аммо бошқа қитъалардагига қараганда номутаносиб равишда кўпроқ зарар кўради.
Ҳужжатга кўра, Африкада 250 миллионга яқин одам сув танқислигидан азият чекмоқда. 2030 йилга бориб, сув танқислиги 700 миллионга яқин одамга салбий таъсир ўтказади.
Таъкидланишича, саноатгача бўлган даврда (1850—1900) Африкада исиш даражаси ўртача жаҳон кўрсаткичидан юқори бўлган.
Шарқий Африкадаги музликларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши минтақада келажакда ёғадиган ёғингарчилик миқдорига боғлиқ.
Ҳозирги вақтда Африка аҳолисининг атиги 40 фоизи экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва иқлим ўзгариши таъсиридан ҳимоя қилиш учун эрта огоҳлантириш тизимларидан фойдаланиш имкониятига эга.
Аввалроқ БМТ Африкадаги миллионлаб одамларнинг очликдан ўлиш хавфи ҳақида огоҳлантираётгани ҳақида хабар берилганди.