Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази август ойидаги ишбилармонлик фаолиятини таҳлил қилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Биржа савдолари
Жорий йилнинг 1 январидан 31 августигача бўлган даврда Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 42,6 фоизга ўсди.Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Жиззах (62,6 фоиз), Навоий (55,7 фоиз), Хоразм (53,4 фоиз), Тошкент (45,3 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (54,2 фоиз) кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигитлар, автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Янги компаниялар
Таҳлил қилинаётган даврда 62 685 та янги компаниялар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (7 822), Қашқадарё (6 158), Фарғона (5 989), Тошкент (4 604), Андижон (4 089) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (10 299) рўйхатга олинган.Аввалроқ Товар-хом ашё биржаси Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналар билан 5 та янги савдо майдончаларини очгани ҳақида хабар берилганди.