Қолипли нон, халқ тилидаги «буханка»нинг 1600 сўмдан 2800 сўмга ошиши кўплаб муҳокамаларни, мунозаларни келтириб чиқаргани айни ҳақиқат. Хўш, аслида нон нархи нега бу даражада ошди? Сабаби нима?
«Дарё» ижодий жамоаси Сурхондарё вилоятига сафари давомида ушбу саволга вилоят ҳокими Тўра Боболовдан ҳам жавоб олди.
Тўра Боболовнинг фикрича, «буханка»нинг кескин ошиши, яъни 1500 сўмдан 2500 сўмга кўтарилиши ғалла нархининг эркин нархда сотилишига йўл қўйиб берилиши билан боғлиқ.
«Президентимиз топшириғига кўра, эндиликда давлат ҳам фермер ғалласининг шартномада кўрсатилган миқдорининг тоннасига 3 миллион сўмдан пул тўлашга, режадан ортган ғалла учун эса биржада кўрсатилган нарх бўйича пул тўлашга тайёр. Бу фермер учун катта даромад дегани», — дейди вилоят ҳокими.
Сурхондарё вилояти ҳокимининг маълумот беришича, ҳудудда 360 та қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхона бор.
«2022 йилнинг 1 июнь куни бўлиб ўтган биржадаги савдода шу 360 та корхонанинг 59 таси иштирок этди. Савдода бир кило ун нархи биринчи куни 4330 сўм бўлган бўлса, кейинги куни 4 минг 403 сўмдан сотилди», — дейди ҳоким.
Тўра Боболовнинг айтишича, у бошчилигидаги сектор раҳбарлари ҳудудларда бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва нон нархининг кескин ошиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида тадбиркорларга тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
«Нарх ошишининг биринчи кунида ҳолат бошқачароқ кўринган бўлса, кейинги кунларда бир маромга тушди. Биз бу ҳақда тадбиркорларга, депутатларга тушунтириш ишларини олиб бордик ва вазиятни борича айтдик. Шундан сўнг аҳоли ҳам буни тўғри тушуниб етди», — дейди Тўра Боболов.
Сурхондарё ҳокимининг қўшимча қилишича, вилоятда озиқ-овқат нархи ва нон нархининг кескин ошиши кузатилмайди. Ҳудуддаги олис ва бориш қийин бўлган 59 та қишлоқда яшовчи 139 минг нафар аҳолига ун етказиб берувчиларнинг йўл харажатларини қоплаш борасида ҳам кўмак берилмоқда.
«Бизда одамларнинг ўзи ғалла етиштиради. Унни ҳам ўзининг тош тегирмонида, сув тегирмонида ишлаб чиқариб, ўзи фойдаланади. Шунингдек, 59 та олис ва бориш қийин бўлган ҳудудда яшовчи 139 минг нафар аҳолига ун маҳсулотлари етказиб берувчилар харажатининг 50 фоизигача қоплаб берилиши, бу одамларга қулайлик яратмоқда. Шунинг учун бизда бундай муаммо бўлиши мумкин эмас», — дейди Тўра Боболов.
«Холназаров Зафар» фермер хўжалиги раҳбари Зафар Холназаровнинг айтишича, давлатнинг режадаги ғаллани 3 минг сўмдан сотиб олиши фермер даромадининг ошишига олиб келган.
«Илгари режани бажарсак ҳам қарзга чиқиб қолардик. Боиси давлатга топширилаётган ғалла бозордаги нархга нисбатан анча кам эди. Энди эса президентимиз ташаббуси билан бу нарх оширилди. Биз эса бундан хурсандмиз», — дейди фермер.
Вилоятнинг Ангор туманидаги нон цехи раҳбари Қобил Тошбоевнинг айтишича, у ишлаб чиқарган қолипли нон аввал 1500—2000 сўм атрофида сотилган. Айни кунда эса бу нарх 2500 сўмга чиққан.
«Тўғри, аввалроқ нон арзон эди. Лекин бу давлат бераётган ёрдам ҳисобига эди. Бир дона 500 грамм миқдордаги ‘буханкаънинг тан нархи 1400—1500 сўмга борарди. Хўш, унда қандай қоплаган дейсизми? Давлатнинг қўллаб-қувватлови эвазига. Аввал аҳолига арзон нон сотишимиз учун бизга давлат томонидан фонд берилар эди. Унга кўра, бизга ойига 5 тоннадан 15 тоннагача арзон нархда ун бериларди. Ҳозир ун нархи эркинлашиб, ун сотуви биржага чиққач, кунига 3 тонна ун сотиб оляпмиз. Уч тонна ундан 6—7 минг дона қолипли нон ишлаб чиқариб, сотяпмиз. Бу эса цехимизда доимо сотиладиган нон бўлиб туришига олиб келди», — дейди нон цех раҳбари.
Қобил аканинг маълумот беришича, тадбиркорлар аввал биржада уннинг бир қопини 112 минг сўмдан сотиб олган бўлса, эндиликда бу нарх 217—220 минг сўмга айланмоқда.
«Ун нархи биржага чиққач, биз имкон қадар кўпроқ ишлаб, кўпроқ даромад қилишни ва аҳолига етарли даражада нон ишлаб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Аввал бизда нон тугаб қолганда, шу атрофда яшовчи аҳоли бошқа ҳудудга йўл пули харажат қилиб, 1600 сўмдан олган нони уйга кириб боргунча 4000—5000 сўмга айланарди. Аммо биз бунга кўпинча ҳам эътибор қаратавермаймиз», — дейди Қобил Тошбоев.
Қолипли нон кеча, 1 июндан бошлаб Тошкентда 2800 сўмдан сотила бошлади. Ғалла бозори эркинлаштирилишини таҳлил қилган Иқтисодиёт вазирлиги Тошкентдаги «буханка» ноннинг ошишини, аввал жуда арзонлиги ва шу сабаб нонни қўй ва мол учун сотиб олиш кўпайиб кетганини маълум қилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса «буханка» ноннинг нархи ошганига муносабат билдириб, «буханка» нон нархи Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўмдан сотилаётганини очиқлади.