Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

1945 йилдан бери жаҳонда ўз чегараларини қўшнилари ҳисобига кенгайтириш умуман кузатилмаётган эди. XXI асрда мамлакатлар учун қўшниси эмас, терроризм асосий хавфга айланди. Бироқ бугун бутун дунё Россия Федерациясининг қўшни ва қардош давлат — Украинага босқинчилик ҳужуми уюштираётганига гувоҳ бўлмоқда. Ушбу даҳшатли урушга сабаб бўлган, уруш калити (баҳонаси)га айланган Донецк ва Луганск айирмачилиги қандай пайдо бўлганди? Нега айнан ушбу икки вилоят Украинадан ажралишни истади? «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров шу ҳақида батафсил маълумот беради.

Фото: «rusdozor.ru»

2014 йил февралдаги Евромайдон инқилобидан кейин апрель ойида мамлакат шарқидаги, русийзабонлар кўпчиликни ташкил қилувчи Донецк ва Луганск вилоятлари ўзларининг Украинадан ажралиб чиққанини, алоҳида республика тузилганини эълон қилди. Дастлаб кўпчилик буни жиддий қабул қилмади. Донецк ва Луганск аҳолиси ҳам ўзларнинг янги раҳбарларини яхши танимас эди. Кейинроқ вилоят аҳолиси ҳам сепаратизмни қўллаб-қувватлай бошлади. Апрель ойида қуролли сепаратистлар Донецкдаги маҳаллий ҳукумат биноларига ҳужум қилганда, оломон ҳам уларга ҳамроҳлик қилди.

Шундан сўнг Украина армияси айирмачиларга қарши ҳужумга ўтди ва уларни чекинишга мажбур қилди. Бироқ тез орада Донецк ва Луганскдаги русийзабонларни ҳимоя қилиш баҳонаси билан вазиятга Россия аралашди, сепаратистларга қурол-яроғ ва ҳарбий инструкторлар етказиб бера бошлади. Натижада Украина армияси Донецк ва Луганск вилоятларининг Россия чегарасига туташ қисмида айирмачиларни мағлуб эта олмади. Вилоятларнинг маъмурий марказлари сепаратистлар қўлида қолди.

Нега Донецк ва Луганск аҳолиси Украинадан ажралиб чиқишни маъқул кўрди? Бунинг асосий сабаблари нима эди?

Нoтeнг тақсимот

Донбасс СССР давридан буён саноат минтақаси бўлиб келган. Йирик тоғ-кон, металлургия, машинасозлик Донбассни Украинанинг саноат юрагига айлантирди. Вилоят саноати давлат бюджетига улкан даромад келтирарди. Айни пайтда донбассликлар марказий ҳукумат улардан энг кўп фойда олишини, аммо ҳудуд инфратузилмасига кам маблағ йўналтиришни таъкидлаб келар эди. Донецк ва Луганск Украинанинг аҳоли энг зич жойлашган вилоятларидан ҳам бўлиб, иккала вилоятда олти-етти миллион инсон яшарди.

2014 йилги Майдон воқеалари донбассликларнинг бюджет тақсимоти борасидаги норозиликларини янада оширди. Бир неча ой давом этган тартибсизлар сабаб кўплаб завод ишчилари маошсиз қолди. Ҳудуд аҳолиси «Майдондаги инсонлар ишсизлик ва бошқа нафақаларни олишяпти, аммо биз қуруқ ўтирибмиз» дея ўз норозилигини билдирди. Хусусан, ўша пайтда марказдаги тартибсизликлар ва ишдан тўхтамаётган донбассликлар ҳақида «Киев майданаэт, Донбасс работаэт» (киевликлар Майдон-намойиш ўтказади, донбассликлар эса ишлайди) каби иборалар ҳам пайдо бўлди. Нотенг тақсимот ҳақидаги қарашлар донбассликларни аста-секин мамлакатнинг қолган қисмидан узоқлаштира бошлади.

2014 йилдаги Майдон инқилоби

2014 йилдаги Майдон инқилоби
Фото: «Коммерсант»

Евросиё иқтисодий иттифоқининг Божхона иттифоқи ва Европа иттифоқи

Янукович президентлик лавозимини эгаллагач (2010 йил) Украина Россия ва Беларусь ўртасида тузилган Евросиё иқтисодий иттифоқининг Божхона иттифоқига қўшилиш бўйича ҳаракат олиб боради. Бу иттифоқ постсовет мамлакатлари ўртасидаги божхона тўсиқларини енгиллаштиришни кўзда тутарди. Бироқ Украина раҳбарияти мамлакатнинг Европа иттифоқи томон яқинлашишини биринчи ўринга қўяди ва Божхона иттифоқига қўшилишни рад этади.

Айнан Европа ва Божхона иттифоқига қўшилиш масаласида ҳам Донецк ва Луганск аҳолиси бошқаларга қараганда ўзгача фикр юритди. Божхона иттифоқи Украина ва собиқ совет давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларини сақлаб қолар, бу эса донбассликларга иш ўринларини йўқотмаслик, заводларнинг доимий даромадга эга бўлишига йўл очар эди. Европа иттифоқига кириш эса Донбасс ҳаётида муҳим бўлган машинасозлик, металлургия ва тоғ-кон саноати маҳсулотлари сотувини камайтириши мумкин эди. Чунки украин заводлари Европа бозори билан рақобат қила олмасди.

Шунингдек, Россия билан алоқалар ёмонлашуви манзарасида Донбассдаги корхоналар буюртмасиз қолиб, баъзилари ёпилди ва бу донбассликларнинг Киев мухолифига айланишини кучайтирди.

Мамлакатни бутунлай Европа томон бурилишини белгилаб берган Евромайдон воқеалари эса донбассликлар норозилигини янада оширди.

«Беркут»

2013 йил ноябрда бошланган Майдон воқеалари кучая бошлагач, амалдаги президент Виктор Янукович митинг ва намойишларни бостиришда уюшган жиноятчилик, тартибсизларга қарши курашиш учун 1990 йил тузилган «Беркут» махсус гуруҳидан фойдаланди. Гуруҳ Майдон воқеаларида президентнинг асосий ҳимоя кучи бўлди ва намойишларни бостириш чоғида кўплаб зўравонликларга қўл урди.

Президент администрациясини қўриқлаётган «Беркут» махсус гуруҳи аскарлари. 2014 йил

Президент администрациясини қўриқлаётган «Беркут» махсус гуруҳи аскарлари. 2014 йил
Фото: Кҳаркив Today

Бироқ Янукович режими қулаб, Майдон намойишчилари ғалаба қозонгач, украин аҳолиси кўз ўнгида «Беркут» шафқатсиз жиноятчилар сифатида гавдаланди ва янги ҳукумат гуруҳни тарқатиб юборди.

Кўпчилик аъзолари Донбасс ва қримлик бўлган бу гуруҳ фаолиятига қарашлар Донецк ва Луганскда бошқача бўлди. Донбассликлар гуруҳ ўз хизмат вазифасини бажарганини таъкидлади. Хусусан, донбасслик собиқ «Беркут» аъзоси Майдон воқеаларидан сўнг қуйидагича фикр билдирди: «Бизда олдин мамлакатимиз бор эди, энди эса у йўқ. Бутун Украина учун шарқ ҳеч нимани англатмайди. Биз фуқаромизми ёки йўқ? Улар ўз ватандошларига (ғарбий украинлар назарда тутиляпти) меҳр кўрсатишди. Улар қаҳрамонлар, биз эса бюджет учун ишлайдиган меҳнаткаш чорвага айландик».

Ултрамиллатчилик

Украинада ултрамиллатчилик 2004 йилги «Тўқ сариқ (ёхуд Зарғалдоқ) инқилоб»дан сўнг кучайди. Ўшанда Украинадаги президентлик сайловларида ғолиб бўлган, собиқ Донецк губернатори Виктор Януковичга қарши норозилик акциялари бошланиб кетди. Намойишчилар овозлар сохталаштирилганини иддао қилади ва натижалар бекор қилиниб, сайлов қайта ўтказилади. Қайта сайловларда эса Янукович мағлубиятга учради. Унинг партияси «Партия регионов» бунга жавобан шарқий вилоятларнинг давлатдан ажралиб чиқиши билан таҳдид қилди. Аммо бу амалга ошмади.

2010 йилги сайловларда Виктор Янукович ғолиб чиқди ва шарқий вилоятлар аҳолиси бироз хотиржам бўлди.

2014 йилда эса вазият кескин ўзгарди. Янукович режими Майдон инқилоби натижасида қулади ва унинг ўзи Россияга қочиб кетди. Инқилоб ғалабасида муҳим рол ўйнаган «Ўнг сектор» ва «Свобода» каби ултрамиллатчи сиёсий ҳаракатлар этник русларни мамлакат муаммоларининг сабабчиси сифатида кўрсата бошлади. Ҳукумат инқилобда асосий вазифани бажарган ушбу ташкилотларнинг ксенофобик нутқларини танқид қилмади ёки қила олмади.

Мамлакатда бошланган миллий ҳаракатлар Донбасс аҳолиси томонидан салбий кутиб олинди ва улардаги норозилик кайфиятини якуний нуқтага олиб чиқди.

Тил тўғрисидаги қарор

Ниҳоят 2014 йилги янги ҳукуматнинг мамлакатда тил тўғрисидаги қонунни бекор қилишга уриниши ҳам айирмачилик ҳаракатлари бошланишида катта роль ўйнади. 2012 йил қабул қилинган тил тўғрисидаги қонунга кўра, ҳар бир ҳудудда аҳолининг ўн фоиздан кўпроғи мулоқот қилувчи тил ҳудудий тил деб тан олиниши белгиланган эди. Ҳудудий тилга қатор имтиёзлар берилди, хусусан, маҳаллий давлат ва ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим, телевидение ва бошқа соҳаларда ҳудудий тилдан фойдаланиш, иш юритиш мумкин бўлди.

Майдон инқилобидан сўнг эса Олий Рада ушбу қонунни бекор қилиш учун овоз берди ва тегишли қонунни қабул қилди. Бироқ вақтинча президент Александр Турчинов янги тил тўғрисидаги қонун тайёр бўлмасдан туриб, бу қонунни имзолаш мумкин эмаслигини айтди ва уни имзолашдан бош тортди. Олий Рада қарори бекор қилинди ва 2012 йилги қонун ўз кучида қолди.

Украина Республикасининг тил харитаси

Украина Республикасининг тил харитаси
Фото: Pinterest

Шундай бўлса ҳам Олий Раданинг бундай ҳаракати нафақат Донецк ва Луганскда, балки Қрим ва жануби-шарқий вилоятларда ҳам кескин қабул қилинди. Россия билан чегарадаги Донецк ва Луганск эса Москва таъсирида Киев билан алоқаларни узишга қарор қилди. Россия қўллаб-қувватлови остида 2014 йил апрель ойида Донецк ва Луганск вилоятларида айирмачилар ҳукумат биноларини эгаллашни бошлаб юборди.

Лекин шу даврда ўтказилган сўровномалар ҳудуд аҳолиси орасида руспарастлик кайфияти кучли бўлмаганини кўрсатади. Уларга кўра, йигирма фоизга яқин инсон мустақиллик ва вилоятларга рус қўшинлари киришини ёқлаган бўлса, тахминан, шунча донбасслик Киев учун курашишга тайёр бўлган. Қолганлар бетарафлик ва ҳар қандай ҳолатда ҳам урушга қарши позицияни эгаллаган.

Мамлакатда давом этаётган тартибсизликлар фонида вилоятлардаги ҳукумат кучлари айирмачиларга қаршилик қила олмади. Асосий маъмурий бинолар эгаллангач, айирмачилар ўзларини мустақил Донецк ва Луганск «Халқ Республикалари» деб эълон қилди. Шу ойнинг ўзидаёқ Украина армияси ҳамда ДХР ва ЛХР халқ милицияси ўртасида тўқнашувлар бошланди. Сентябргача давом этган бу урушда Украина икки вилоятнинг катта қисмини қайтариб олишга эришди, бироқ ДХР ва ЛХР қарши ҳужумга ўтиб, ҳукумат кучларини чекинишга мажбур қилди. Россия русийзабон аҳоли ҳимояси баҳонаси остида айирмачи республикаларни қўллаб-қувватлади.

Айирмачи Донецк ва Луганск Халқ Республикалари

Айирмачи Донецк ва Луганск Халқ Республикалари
Фото: Google Images

Сентябрда Беларусь Республикаси пойтахти Минскда «Норманд тўртлиги»: Украина, Россия, Франция ва Германия вакиллари иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Якунда Минск келишувлари имзоланиб, «Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларида маҳаллий ўзини-ўзи бошқаришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида» қонун қабул қилинди. Томонлар ўт очишни тўхтатди.

Олий Рада Минск келишувлари доирасида Донбасснинг алоҳида мақоми тўғрисидаги қонунни имзолади ва ҳудудга қатор эркинликларни берди. Бироқ ДХР ва ЛХР томони қонуннинг арзимаган қисмини номақбул деб топди ҳамда буни ратификация қилмади. 2015 йилда вазият яна кескинлашгач, «Норманд тўртлиги» Минскда қайта йиғилди. Давлат раҳбарлари фронт чизиғидан оғир артиллерия қуролларини олиб кетиш, асирлар алмашинуви ва ўт ўчишни тўхтатишга келишиб олди. Икки йил ичида Украина шарқидаги ҳарбий тўқнашувлар туфайли олти мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони эса ўн беш мингдан кўпроқ эди. Миллионлаб инсонлар уруш сабаб ўз уйларини тарк этиб, кўчиб кетди.

24 февраль куни рус қўшинларининг ДХР ва ЛХР ҳудудидан ҳужумга ўтиши

24 февраль куни рус қўшинларининг ДХР ва ЛХР ҳудудидан ҳужумга ўтиши
Фото: Washington Post

ДХР ва ЛХР ҳамда Украина ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этди. ДХР ва ЛХР мустақиллигини дунёда ҳеч қайси давлат тан олмади, ҳатто 2022 йилга қадар Россия ҳам. Бу ерлар халқаро доирада расман Украинанинг бир қисми деб қаралса-да, аслида Москва назорати остида эди. ДХР ва ЛХРда таълим рус тилига ўтказилди, рус пул бирлигидан фойдаланилди. 2019 йилдан эса ҳудуд аҳолисига Россия паспортларини бериш бошланди. Маълумотларга кўра, ДХР ва ЛХРнинг саккиз юз мингга яқин аҳолиси Россия фуқаролигига эга. Бироқ бу умумий аҳолининг 20—30 фоизни ташкил қилади, холос. Россия эса айнан мана шу фуқароларни ҳимоя қилиш учун Украина билан урушга ҳам тайёр эканини таъкидлади.

2022 йил 22 февраль куни Россия президенти Владимир Путин ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш ҳақида қонунни имзолади. 24 февраль куни ушбу айирмачи ҳудудларни ҳимоя қилиш учун Россия қўшинлари ичкарига киритилди ва рус ҳарбийлари Донбассдаги украин позицияларини ўққа тутишни бошлади. Россия нафақат ДХР ва ЛХР чегарасида, балки бутун Украина бўйлаб ҳужумларни амалга оширди. Владимир Путин бошлиқ рус ҳукумати Украина олдига Қрим, ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш бўйича ультиматум қўйди, аммо Киев буни рад этди.

Ҳозирда бутун Украина бўйлаб жанг ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Туркманистон Ўзбекистонга текинга газ етказиб беради 
Маҳаллий
Тошкентда кўприк устидаги “Газел” ёниб кетди (видео)
Бизнес
Россиядан Осиёга кўмир экспорти нархи ошгани маълум қилинди