Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 7 февраль куни икки эркак танишининг Lacetti машинасига ёқилғи сепиб, ёқиб юборди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, 7 февраль куни соат 02:58 да номаълум шахс Ғиждувон тумани Аҳмад Дониш кўчасидаги уй олдида турган Б.Ф. (37 ёшли)га тегишли Lacetti’га тез ёнувчан ёқилғи сепиб, автомашинани ёқиб юборган. Машинани қасддан нобуд қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «б» банди (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жиноятни Ғиждувон туманида яшовчи Р.А. (33 ёшли) ва Й.А. (45 ёшли) содир этгани аниқланган.
Жиноятнинг келиб чиқиш сабаби ўрганилганда Р.А. бир кўчада яшовчи жабрланувчи Б.Ф. билан бир неча кун олдин ўзаро кабутар устида жанжаллашгани маълум бўлган. Шундан сўнг таниши Й.А. билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда тунги соат 02:50 атрофида 42 минг сўм эвазига 5 литр ҳажмдаги елим идишга бензин сотиб олган ва уй олдида турган автомашинани ёқиб юборган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)